Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сардор Умрзоқов Кобул шаҳрида Толибон ҳукумати раҳбари билан учрашди
10:56 / 2022-02-23

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Кобул шаҳрида Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий билан учрашди.

Учрашув давомида Афғонистон делегациясининг 2021 йил октябрь ойида Термиз шаҳрида бўлиб турганида чегаралар хавфсизлиги, инвестициялар, савдо, энергетика, халқаро юк ташиш ва транзит, таълим ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик йўналишларида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди. 

Хусусан, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, савдо ва транспорт тўсиқларини бартараф этиш бўйича биринчи даражали вазифалар кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, ўз ҳудудида логистика маркази, ишлаб чиқариш ва сақлаш объектлари, маҳсулотларни сотиш пунктлари ва зарур инфратузилмани бирлаштирган "Термиз" халқаро савдо марказининг имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди. 



Афғон томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда минтақа давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Хусусан, Афғонистон ҳудуди орқали ўтиб кетаётган транспорт воситалари ва юкларнинг ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқиш, муқобил транспорт йўналишларини жорий этиш ҳисобига мамлакатнинг транзит имкониятларини ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олинди. 

Шунингдек, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларнинг турли йўналишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш йўллари муҳокама қилиниб, устувор соҳаларда мавжуд масалаларни ҳал қилиш бўйича биринчи даражали вазифалар белгилаб олинди. 

Учрашув якунида Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган фаол ҳамкорликни давом эттиришга ўзаро тайёрлик билдирилди. 


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА