Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сардор Қориев: йил якунига қадар 3,95 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини таъминлаш вазифамиз бор
12:49 / 2022-06-01

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан импорт маҳсулотлар ҳажмини ва таркибини оптималлаштириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ташкил этилган.  

Ушбу ҳужжатга асосан Агентлик фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

Низомга кўра, Агентлик зиммасига фармацевтика бозори конъюнктурасини ўрганишни ташкиллаштириш, унинг асосида ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, етакчи хорижий фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда фармацевтика маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларида рақобатдош, юқори сифатли янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда тармоқ корхоналарига кўмаклашиш ҳамда импорт қилинаётган ва республика ҳудудида ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари тўғрисида тўлиқ ахборот йиғишни таъминловчи Фармацевтика маҳсулотлари ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ахборот тизимини шакллантириш вазифалари белгиланган.  

Шу билан бирга, Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси изчил бажариб келинмоқда. Унинг доирасида Агентликда 2021 йил якунлари бўйича сезиларли натижаларга эришилди. 

– Ишлаб чиқариш тизимида маҳаллий корхоналар томонидан умумий қиймати 3,6 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилга нисбатан 29 фоизга ўсди, – дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев. – Фармацевтика маҳсулотларини экспертизадан ўтказиш ва стандартлаштириш борасида 3 минг 665 номдаги маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шулардан 3 минг 184 тасини дори воситалари, 386 тасини тиббий буюмлар ва 95 тасини тиббий техника воситалари ташкил этади. 

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда 221 та фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Улардан 91 таси дори воситалари, 32 таси тиббий техника, 90 таси тиббий буюмлар ва 8 таси дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.  

Шу билан бирга, 140 та дорихоналарда муайян турдаги дори воситалари тайёрлаб келинмоқда. Бундан ташқари, Агентлик тизимида 616 та улгуржи реализация билан шуғулланадиган ташкилотлар ва 15 минг 790 та дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи дорихоналар ва уларнинг филиаллари мавжуд. 

Бугунги кунда тиббиёт амалиётида қўлланишга рухсат этилган ва савдо номи, дозаси, шакли ҳамда қадоқдаги сонини ҳисобга олган ҳолда Uzpharminfo.uz ахборот тизимига киритилган дори воситаларининг умумий рўйхати 32 минг 989 тани ташкил этади. 

2020 йилдан ҳозирга қадар 10 минг 23 та дори воситаларининг чекланган, улгуржи ва чакана нархлари кайд этилди. Шундан, маҳаллий дори воситалари 2 минг 951 тани, хорижий (импорт) дори воситалари 7 минг 72 тани ташкил этади. Соҳада инвестиция дастурига киритилган 36 та инвестицион лойиҳалар доирасида 2021 йил 97,5 миллион доллар инвестиция маблағлари (шу жумладан, 31,7 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар) ўзлаштирилди, бу эса режага нисбатан 100 фоизни ташкил этди.  

Эътиборлиси, умумий қиймати 70,7 миллион долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 862 та янги иш ўринлари яратилди. 2021 йилда умумий қиймати 70,2 миллион долларни ташкил этувчи фармацевтика маҳсулотлари ва хизматлари экспорти амалга оширилди. Натижада белгиланган режа прогнозга (40 миллион доллар) нисбатан 175,5 фоизга бажарилди.  

Бундан ташқари, республика ҳудудига умумий қиймати 1,26 миллиард долларни ташкил этувчи дори маҳсулотлари импорт қилинган. 

– Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 январдаги “2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқаришни 3 бараварга ошириш вазифаси қўйилган.

Бу борада январда беш йиллик дастур ҳам қабул қилинди, – дейди Сардор Қориев. – Жумладан, ушбу фармонга биноан, халқаро брендлар асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида таркиби бир хил бўлган дори воситаларини бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқаришга чекловлар бекор қилинди. 2022 йил 1 февралдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш ҳаражатларининг 75 фоизи улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилиши жорий этилди. Шу билан бирга, сифатли ва арзон дори воситаларини етказиб бериш масалаларига эътибор сезиларли даражада кучайтирилди.  

Жорий йилнинг 1 июлга қадар талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йиллик муддатга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш юзасидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда тегишли ишларни олиб бормоқда. 

Моҳигул Қосимова, ЎзА