Сардобалик ўсмирлар Бишкекдан 5 та медаль билан қайтди
Болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган спортнинг Kombat Systems тури айни вақтда жаҳонда оммалашмоқда. Бу спорт тури билан шуғулланувчилар сони эса йилдан-йилга ортиб бормоқда. Қирғизистон Республикасининг пойтахти Бишкек шаҳрида спортнинг ана шу тури бўйича жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди.
Унда Сирдарё вилояти Сардоба тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари ҳам иштирок этиб, бор маҳоратини намойиш этди. Сардобалик мураббий Шербек Исомиддиновнинг шогирдлари ўтказилган ушбу мусобақада турли давлатлардан келган болалар ва ўсмирларга қарши курашиб, ижобий натижаларга эришиб, ёруғ юз билан Сирдарёга қайтди.
Ўтказилган мусобақада 65 кг вазнда Фазлиддин Халилов олтин, 81 кг вазнда Шербек Исомиддинов, 70 кг вазнда Темир Омонов, 60 кг вазнда Самандар Синдоров кумуш, 65 кг вазнда Маҳтумқули Халилов эса бронза медалларини қўлга киритди.
Сардобалик чемпионларнинг ушбу ютуқлари мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига муносиб совға бўлди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА