Сардобалик болалар ўртасида расмлар танлови ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан танлов ўтказилган кун байрамона ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг Сардоба ва Мирзаобод тумани болалари ўртасида уларнинг бўш вақтларини унумли ташкиллаштириш ҳамда рағбатлантириш мақсадида расмлар танлови ўтказилди. Сирдарёнинг Янгиер шаҳридаги Педагогика касб-ҳунар коллежи биносида 400 дан зиёд Сардоба ва Мирзобод туманларининг вақтинча эвакуация қилинган аҳолиси ўз фарзандлари билан истиқомат қилишмоқда. Педагогика касб-ҳунар коллежи биносида карантин талабларини сақлаган холда 80 нафардан зиёд 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар ўртасида “Менингмаҳаллам”, ”Менинг оилам” ва “Биз биргамиз” мавзусидаги расмлар танлови бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан танлов ўтказилган кун байрамона ташкил қилинди. Болаларнинг ўз маҳалласи аҳолиси билан катта оила бўлиб яшаётган ушбу кунларини шодликка ва хурсандчиликка тўла ўтиши учун ҳаракат қилинди.
Танлов болаларнинг ёшига қараб, икки гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилди. Танлов натижаларига кўра, ҳар бир гуруҳ ғолиблари алоҳида мукофотланди. Шунингдек, танловнинг барча иштирокчиларга совға-саломлар топширилди.
