Инсон учун энг бебаҳо бойлик биринчиси сиҳат-саломатлик бўлса, иккинчиси хотиржамликдир.
Икки неъматдан бири бўлмаса ўтаётган умр кишига татимайди. Хасталик эса гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди.
Сардобада ана шундай соғлиғида муаммоси бор, ижтимоий аҳволи оғир бўлган 15 нафар фуқарога “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сардоба туман бўлинмаси ҳузурида ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан 42 миллион сўм миқдорида молиявий кўмак берилди.
Гипертония касаллиги билан касалланган “Равот” маҳалласининг "Карвон йўли" кўчасида яшовчи Абдулла Муҳаммадиев фонднинг 5 миллион сўм, симптоматик эпилепсия хуружидан қийналиб келаётган Д. Турсунқулова 6 миллион сўм пул маблағи ҳисобига вилоятдаги даволаш профилактика муассасаларида даволанди.
– Фарзандларим Сожида ва Жумагул йўл транспорт ҳодисаси сабаб туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига тушиб қолди, – дейди “Дўстлик” маҳалласи Минор кўчасида яшовчи Жўрабой Намозов. –Даволаниш жараёни узоқ давом этди. Шифокорлар саъй ҳаракати ва амалий ёрдами билан фарзандларим ҳаётга қайтди. Бунда менга туман ҳокими ва фонд ходимларининг ёрдами катта бўлди. Улар менга нафақат маънавий балки моддий томондан ҳам кўмаклашди. Фонднинг "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан 6 миллион сўм пул берилди. Айни вақтда қизларимнинг соғлиғи анча яхши, даволаш муолажалари давом этмоқда. Президентимиз, қолаверса туманимиз раҳбариятидан миннатдорман.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Сардоба туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка ёлғиз, ногирон, кўп болали оилалар, вақтинчалик ишсизлиги боис "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" рўйхатига киритилган фуқаро ва оилаларга кўмак бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА