Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сардобада аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш ишлари йўлга қўйилди
09:47 / 2021-10-04

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ, тажриба-синов лойиҳа ишлари бошлаб юборилди.

– Лойиҳа доирасида, Сирдарёда, қолаверса, Сардоба туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, ўрта тиббиёт ходимларидан иборат патронаж, умумий амалиёт ҳамшираси ва доядан ташкил топган тиббий бригада гуруҳлари иш бошлади, – дейди Сардоба туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Гулнора Қувватова. – Бундан ташқари, ҳар бир тиббиёт муассасасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва 60 турдаги бепул дори воситалари пакети шакллантирилиб, кафолатланган пакет доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш ишлари йўлга қўйилди. Оилавий шифокор томонидан зарур бўлган ҳоллардагина фуқароларга тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда туман тиббиёт бирлашмасига йўлланма берса, кўп тармоқли марказий поликлиника мутахассислари зарур ҳолларда вилоят шифохоналарга йўлланма беради.

Айни вақтда, Сардобада аҳолининг соғлиги билан боғлиқ кўрсаткичларни мониторинг қилиш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, рецепт ёзиш ва тиббиёт муассасаларига йўналтириш борасида ишлар олиб борилмоқда. Ушбу амалиёт тула-тўкис жорий этилгач, барча ишлар ягона электрон платформа орқали амалга оширилади.

Шунингдек, туманда тажриба-синов лойиҳаси доирасида барча фуқароларни саломатлик кўрсаткичлари хатловдан ўтказилди. Натижада тўртта хавф омилларига бўлинди. Ўрта ва юқори хавф гуруҳларидаги аҳоли қатламини пастки хавф гуруҳга ўтказиш борасида ишлар бошлаб юборилди. Уйда ётиб қолган беморлар тумандаги бирламчи тиббий санитария муассасаларининг патронаж бригадалари томонидан кузатувга олиниб, уларнинг уйига борган ҳолда бепул тиббий хизмат кўрсатиш ишлари йўлга қўйилди.

– “Темур Малик” қишлоқ оилавий поликлиникасида ташкил этилган 3 та тиббий бригада томонидан мазкур ҳудудда истиқомат қилаётган 8400 нафардан ошиқ аҳолига хизмат кўрсатилади, – дейди поликлиника мудири Наима Муродова. – Ўтказилган тиббий хатлов жараёнида хатланган ва хавф гуруҳларига ажратилган фуқароларимиздан 55 нафари тўртинчи, 375 нафари учинчи хавф гуруҳига мансуб фуқаролар. Улар саломатлиги доимий назоратимизда. Патронаж ҳамшираларни бириктирганмиз. Кафолатланган пакет доирасида келтирилган 66 турдаги дори воситаларидан фойдаланган ҳолда уларга хизмат кўрсатаяпмиз. Бундан аҳоли хурсанд.

– 60 ёшдан ошдим, – дейди Темур Малик”лик Турдибой бобо Абдурасулов. – Суягим далада қотди. 45 йилдан кўпроқ вақт механизатор бўлиб ишладим. Замонавий, барча шароитларга эга поликлиника хизматимизда. Шифокор ва ҳамшираларимиз ширинсўз. Менга ёқадиган томони, яқинда жорий этилган давлат тиббий суғурта тизими. Мазкур тизим жорий этилгач, кафолатланган пакет доирасида бизга хизмат кўрсатилмоқда. Қолаверса бепул дори дармонлар берилаяпти.

Давлат тиббий суғурта тизими механизмлари билан боғлиқ ишлар кўп босқичли. Ишлар эса энди бошланди. Камчиликлар бўлиши мумкин. Уни тўла-тўкис ишга тушириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасаларнинг тиббиёт ходимлари Давлат тиббий суғурта жамғармаси ходимлари билан бевосита ҳамкорликда ишни олиб бораяпти.

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА