Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сардоба тумани “Бирлик” маҳалласига 36 йил деганда ичимлик суви тармоғи келтирилди
07:18 / 2021-07-24

"Обод қишлоқ" дастури амалда

Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан Сардоба тумани “Бирлик” маҳалласига пресс-тур ташкил этилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида таъмирланаётган турар-жой бинолари, коммуникация тармоқлари, амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.  

– Ўзгаришларни таърифлашга тил ожиз, – дейди “Бирлик” маҳалласи оқсоқолларидан бири Одилжон Қодиров. – Уй ва кўчаларимизнинг ободонлаштирилаётгани, ичимлик суви келтирилганидан қувондик. Узоқ йиллар давомида ичимлик суви ўрнига уч-тўрт чақирим узоқдаги канал сувини эшак араваларда ташиб, уни қайнатиб-тиндириб ичардик. Тўғри, ўн беш километр узоқликдаги туман марказидан махсус транспортларда ичимлик суви келтириларди, у ҳам етганга етар, етмаганга йўқ, пулли бўлгани учун қийналиб қолгандик. 1 кубометр ичимлик суви нархи 1250 сўм этиб белгиланган, ваҳоланки, авваллари махсус транспорт воситаларида келтирилган ана шунча миқдордаги сувни аҳоли 15-20 минг сўмга сотиб олар эди.

 

– Президентимиз ва ҳукуматимиздан миннатдормиз, – дейди уй бекаси Г.Қурбонова. – Мана, сув келтирса бўлар экан-ку. Ўтган бир неча ўн йиллар давомида ичимлик сувига зориқиб, ортиқча касалликлар орттириб ўтганлар жуда кўп бўлди.  

– Ичимлик суви масаласида ҳудудимиз туманнинг энг оғир нуқтаси эди, – дейди “Бирлик” маҳалласи раиси Мамадали Зиёбов. – Ҳовлилардаги кранлардан сув чиқиши тўхтаганига 36 йил бўлди. 2020 йилдан бошлаб собиқ 7-совхоз қўрғонига 11,8 километрлик сув қувурлари тортиб келинди. Эндиликда қўрғонимиздаги 4269 нафар аҳоли яшаётган бизнинг “Бирлик” ва 3422 нафар аҳоли яшаётган “Ота юрт” маҳаллалари тўлиқ ичимлик суви билан таъминланди.  

– Туманнинг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 2016 йил бошида бор-йўғи 5 фоизни ташкил этарди, – дейди Сардоба туман ҳокими Абдуазим Хидиров. – 2016 йилдан бугунги кунга қадар 233,2 млрд. сўмлик маблағлар ҳисобидан 263,4 км масофада ичимлик сув қувурлари ётқизилиб, таъминланиш даражаси ўтган беш йил давомида 66,4 фоизга етди. Мавжуд 15 та маҳалланинг 10 таси ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди. Қолган 5 та маҳалланинг 2 тасида “Обод қишлоқ” дастури билан қурилиш ишлари олиб борилмоқда ва йил якунига қадар ушбу маҳаллалар ҳам тўлиқ ичимлик суви билан таъминланади.

 

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА