Сардоба туман тиббиёт бирлашмасининг 130 ўринли биноси, унга қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника, 25 ўринли терапия, 20 ўринли хирургия, 20 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими бинолари қайта реконструкция қилиниб, янги ва замонавий кўринишга келтирилди. Бунинг учун давлат бюджетидан қарийб 10 миллиард сўмдан зиёдроқ пул маблағи йўналтирилди.
Мазкур юмушларни Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати-инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида Гулистон шаҳридаги "Бек қурилиш авто" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари қисқа фурсатларда амалга оширди.
Биноларнинг очилишига бағишланган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқармага қарашли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари раҳбар ва мутахассислари, фаоллар, нуроний ва фахрийлар иштирок этиб, туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг бўлимларининг аввалги ва ҳозирги ҳолати, беморлар ва шифокорлар учун яратилган шарт-шароит, ўзгариш ва қулайликлар тўғрисида сўз юритди.
– Очиғини айтганда, бунчалар ҳар томонлама ҳам беморга, ҳам тиббиёт ходими учун қулай шарт-шароит бўлади деб, ўйламагандик, – дейди туман тиббиёт бирлашмасининг олий тоифали терапевти, фахрий шифокор Муртоза Алиқулов.– Қайта реконструкцияга қадар туман тиббиёт бирлашмамиз, унинг бўлимларидаги шарт - шароит ҳам "ҳаминқадар" даражада эди. Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизимига бўлган эътиборлари сабаб муассасамиз, унинг бўлимлари янги қиёфага келтирилди. Шарт-шароит ҳам шунга яраша яратилди. Янги, замонавий тиббий жиҳоз ва аппаратлар ўрнатилди. Бундан нафақат биз тиббиёт ходимлари, аҳолимиз ҳам бирдек хурсанд бўлди.
[gallery-17764]
Сирдарё вилоятининг энг олис ва чекка ҳудуди ҳисобланган Сардоба туман тиббиёт бирлашмасидаги ўзгаришлар аҳолини тиббиётга эмас, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш имконини бермоқда.
Ш.Суяров,Ш. Ортиқбоев(сурат),
ЎзА мухбирлари