Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сардоба” тошқинидан зарар кўрганларни иш билан таъминланиши – ҳукумат эътиборида
18:12 / 2021-01-24

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг топшириғига мувофиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигида ташкил этилган Республика махсус ишчи гуруҳи аъзолари сув тошқинидан зарар кўрган Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари аҳолиси билан 2 кун давомида сайёр учрашув ўтказди.

Ушбу сайёр учрашувларда “Сардоба” сув омбори тошқинидан зарар кўрган аҳоли учун барпо этилган кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда яшаётган банд бўлмаган фуқаролар, Республика махсус ишчи гуруҳи аъзолари, вилоятдаги қурилиш ташкилотлари, тижорат банклари, туман ҳокимлари ва уларнинг мутасадди ўринбосарлари, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан жалб қилинган 40 нафардан ортиқ тадбиркор, ҳунарманд, ишбилармонлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.  

Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримовлар раҳбарлик қилди.

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да тадбиркорларга жой ва имтиёзли кредит ажратиш, уларга ишсиз фуқароларни бириктириш, йўл-олди инфратузилма объектларини қуриш масалаларини ҳал қилиш бўйича ушбу учрашувда аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилаб олинди.

Ушбу сайёр учрашувлардан кўзланган асосий мақсад ва вазифалари хусусида сўзлаб беришни Сирдарё вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғи Муроджон Муҳаммадиевдан илтимос қилдик.

– Ҳукуматимиз топшириғига асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбарлигида ташкил этилган Республика махсус ишчи гуруҳининг асосий мақсади – вилоятимиздаги сув тошқинидан зарар кўрган Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманлари аҳолиси учун янгидан барпо этилган кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда яшовчи доимий иш билан банд бўлмаган фуқароларни иш ўринлари билан таъминлашдан иборат, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи, Республика махсус ишчи гуруҳи аъзоси Муроджон Муҳаммадиев.

 – Бундан кўзланган асосий вазифалар – шу ҳудудлардаги ишсиз аҳоли сонини аниқлаб, уларни ишга жойлаштиришда янги иш ўринлари манзилли рўйхатларини шакллантириш, лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банкларининг кредитлари, суьсидифлар, ер участкаси ва бўш бино ва иншоатлар билан таъминлаш, муҳандислик-комуникация тармоқларига улаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва яратилган иш ўринларини доимийлигини таъминлашдан иборат этиб белигиланган.

– Тошқиндан зарар кўрган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан шу вақтгача ҳам қандайдир ишлар амалга оширилганми?

– Албатта, амалга оширилган. Жумладан, “Сардоба” сув омборида юз берган табиий офатдан зарар кўрган маҳаллалардаги аниқланган 4 минг 92 нафар ишсиз фуқаронинг жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 3 минг 150 нафари ёки  77 фоизи бандлиги таъминланган.  

Жумладан, айнан шу ҳудудан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилган субсидиялар ҳисобига 813 нафар, жамоат ишларига 738, касб-ҳунарга ўқитишга 662, инвестиция лойҳаларини ишга тушириш ҳисобига 596, корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари ҳисобига 215 ва захираланган (квота) иш ўринларига 126 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилган.

– Бундан келиб чиқадики, “Сардоба” сув омборида юз берган табиий офатдан зарар кўрган ҳудуда яшовчи банд бўлмаган фуқаролар ҳозирда 23 фоизини ташкил этар эканда, шундайми?  

– Бугунги кунда эса ишга муҳтож бўлган шу ҳудуддаги 942 нафар ёки 23 фоиз фуқаролар бандлигини таъминлаш учун манзилли дастур ишлаб чиқилган.  

Ишсизлар рўйхати шакллантирилган пайтда, тошқин сабаб эвокуация қилинган фуқаролар тўлалигича ўз уйларига қайтиб кўчиб келмаганликлари сабабли, юқорида таъкидлаганимдек ишсизлар сони яна қайта ҳисобланиб, рўйхати қайта шакллантирилади.  

– Имкони бўлса, фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган манзилли дастур ҳақида кенгроқ тушинча берсангиз.

– Бажонидил. Ушбу дастурга кўра, биринчидан, 480 нафар ишсиз фуқаролар, айниқса хотин-қизлар ва ёшлар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан жалб қилинган ҳунарманд, ишбилармон ва тадбиркорларга бириктирилади. Бу аёлларимиз атлас-адрас ва гилам тўқиш, миллий либослар тикиш, мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш, кулолчилик, пичоқчилик йўналишларида касаначилик асосида ишлайди.

Жалб қилинаётган тадбиркорларга Мирзаобод ва Сардоба туманларида қурилган кўп қаватли уй-жойлар массиви ёнида бетонланган майдончаларда 3 та “Меҳнат гузари” ташкил этилади.  

12х2 метр ва 35х2,39 метр ўлчамдаги 10 та контейнер ўрнатилиб, мазкур “Меҳнат гузарлари”да барча шароитлар яратилади ва тадбиркорларнинг фаолият турига мослаштирилади.  Ушбу контейнерлар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига тижорат банклари орқали имтиёзли кредит асосида тадбиркорларга ажратиб берилаётганини  шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.  

Иккинчидан, 50 нафар ишсиз хотин-қизлар Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази”да уста-шогирд анъанаси асосида атлас-адрас тўқиш ҳунарига ўргатилади. Бу аёлларимиз жорий йил январь ойининг 3-декадасида Марғилон шаҳрига жўнатилиб, уларнинг йўл кира, овқатланиш ва ётоқ харажатлари Бандликка кўмаклашиш жамғармаси томонидан тўлаб берилади.  

Жорий йилнинг февраль ойида Мирзаобод туманида Марғилон шаҳридаги “Матлубахон адрас-атлас матолари” корхонасининг филиали очилади ва ўша Марғилонга юборилиб ўқитиб келган хотин-қизлар янги ташкил этилган шу корхонага ишга жалб этилади.  

Учинчидан, 86 та кўп қаватли уйларда яшаётган ва тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга уйларининг 16,5 минг квадрат метр ертўла майдонларидан бўш жойлар ажратилган, бу жойларда 40 дан ортиқ хизмат кўрсатиш пунктлари, жумладан, савдо шахобчаси, дорихона, фитнес клуб, кийим ва пойабзал таъмирлаш,  интернет-кафе, маиший техникани таъмирлаш устахонаси, касб-ҳунарга ўқитиш маскани ва бошқа шу каби севис хизматлари ташкил этилади. Бу хизмат кўрсатиш шахобчаларида 80 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.  

Шу ўринда тадбиркорларга иш бошлашлари учун Бандликка кўмалашиш жамғармасидан субсидия ажаритилишини ҳам қўшиб қўйган бўлардим.  

Тўртинчидан, кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда 4 та кооператив ташкил этилиб, унда 250 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади. Жумладан, Мирзаобод туманида балиқчилик йўналишида “Murod Odil Abduraxmon baliqlari” ҳамда “Abdulaziz intensive fish” кооперативлари, Сардоба туманида асаларичилик йўналишида “Ota yurt ko`rki”, Оқолтин туманида “Zar lochin parranda” кооперативлари фаолиятини бошлайди.

Бешинчидан, Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида жорий йил январь – февраль ойларида ишга тушириладиган 33 та янги лойиҳада – озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм, фармацевтика, мебель, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида, хизмат кўрсатишда, иссиқхона, боғдорчилик, паррандачилик йўналишларида 898 та янги иш ўринлари яратилади.

Сардоба тумани “Янгиобод экспорт” масъулияти чекланган жамиятида 32 иш ўрнига мўлжалланган бодом етиштириш плантацияси ташкил этилиб, бу ерда ишлаб чиқарилган жаҳон бозорида жуда юқори баҳоланадиган бодом маҳсулотини етиштириб, тозалаб, қадоқлаб, тайёр маҳсулотни экспортга йўналтиради.  

Оқолтин туманида “АПК Оқолтин” МЧЖда 150 иш ўрнига мўлжалланган ёғ маҳсулотлари, “Макс-чарм” МЧЖда 25 кишининг ишлаши назарда тутилган тайёр чарм маҳсулотлари, Мирзаобод тумани “ONE DREAM SERVIS” МЧЖда 20 иш ўрнига эга мебель тайёрлаш цехи, “SWEETNESS TRADE” МЧЖда 20 иш ўрнига мўлжалланган қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Тадбирнинг иккинчи куни Фарғона водийси вилоятларидан келган ҳунарманд, ишбилармон ва тадбиркорларга Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларидаги бўш бино ва ер майдонларига экскурсияси ташкил этилди. Унда тадбиркорлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имколниятлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ишлаш истагини билдирган фуқаролар  билан дилдан суҳбат қурилди.

А.ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбири

Ф.ТОШМАТОВ,  

суратлар муаллифи