English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Сардоба-Оқсарой текстиль» ишга чорлайди, аммо...
13:32 / 2021-06-01

Сирдарё вилоятида 2020 йил 1 май куни содир бўлган «Сардоба» сув омбори тошқини вайронагарчиликларни келтириб чиқарган эди. Аммо қисқа фурсатларда талафот оқибатларини бартараф этиш мақсадида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Сардоба туманидаги Дўстлик ва Юртдош маҳалла фуқаролар йиғинларида 1 минг 480 ўринли 37 та замонавий беш қаватли бино қурилди. Ана шу кўркам шаҳарчага ҳамоҳанг равишда, кўп қаватли уйларнинг шундоққина рўпарасида янги иншоот қад ростлади.

– Биз сув тошқини талафотидан зарар кўрган кишиларга мададкор бўлишга аҳд қилдик ва қисқа муддат ичида ушбу корхонани барпо этдик, – дейди тошкентлик тадбиркор Асқар Ҳайдаров. – Бизнинг «Оқсарой холдинг» компаниямиз тасарруфида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 7 та тикув фабрикаси мавжуд бўлиб, Сардобадаги ушбу корхона улар орасида биз учун энг қадрлиларидан биридир.

Ҳар қандай хорижий илғор ва ноёб корхоналардан асло қолишмайдиган, «Сардоба – Оқсарой тектил» фабрикасининг 850 квадрат-метр жойни эгаллаган ички бош повильонида энг замонавий тикув ва тўқув машиналари жойлаштирилган.

Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар импорт учун мўлжалланган. Ишчи-хизматчиларнинг асосий қисми аёллар эканлиги ҳисобга олиниб, уларнинг фарзандлари бепул тарбияланиши мўлжалланган ҳолда, шошилинч равишда 200 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилаяпти. Бундан ташқари, кунига 2 минг дона нон ишлаб чиқарадиган цех қурилиши ҳам авжида.

Корхонада чеварлар ўртача 1 миллион сўм атрофида ойлик иш ҳақи олади, кечки смена ва дам олиш кунлари ишлаётган ишчиларга 2 баравар миқдорда қўшимча иш ҳақи тўланмоқда. Ҳамма бепул иссиқ таомлар ва махсус кийим-бош билан таъминланаяпти.

– Корхона ишга туширилганида режаларимиз катта эди, ҳозирда 227 нафар ишчи-хизматчига эгамиз, холос, – дейди Асқар Ҳайдаров. – Биз бу ердаги янги уйларга кўчиб кирган 1 минг 480 хонадоннинг ҳеч бўлмаганда, учдан биридан бир нафардан аёлни ишга қабул қилиб, қўшни маҳаллалардаги чеварларни жалб қилган ҳолда, мўлжалдаги 550 янги иш ўрнига эга бўламиз, дея режалаштирган эдик. Уйида бекор ўтирган хотин-қизларни неча бор ишга таклиф қилишимизга қарамай улар ишлашни истамаяпти. Шу сабабли алоҳида автобуслар ажратиб, узоқ маҳаллалардан, қўшни туманлар ва ҳатто Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Мирзачўл туманларидан хотин-қизларни ишга жалб қилишга мажбур бўлаяпмиз. Тўғри, фабрика бюджет ташкилоти эмас, хусусий корхона. Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сотилиши эвазига иш ҳақи учун маблағ жамғарилади. Жорий йилнинг ўтган март ойида 90 миллион сўмлик маҳсулот сотилган бўлса, 240 миллион сўми иш ҳақи учун сарфланди. Ўз захира маблағимиз ҳисобидан иш ҳақи ажратишга мажбур бўлдик. Аммо бу вақтинча. Шундай шароитда бир-икки марта иш ҳақи кечикканини рўкач қилиб, ўзи ҳам ишга чиқмай ва бошқаларни ҳам ишлашдан қайтараётган хотин-қизлар ҳам бор. Аммо биз бу ишни бир ўзимиз эплай олмаймиз, бирлашсак бу синовларни енгиб ўтамиз.

Одамлар орасида боқимандалик, беғамлик, энг ачинарлиси, эл-юрт, ўз оиласи бюджети, фарзандлари ризқ-рўзи учун ҳаракат қилмаслик каби иллатлар борлиги ачинарли ҳол.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тошқиндан азият чеккан ҳудуд аҳолиси, айниқса хотин-қизларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Аҳолини касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди. «Сардоба – Оқсарой тектил» фабрикаси сингари янги-янги корхоналар ишга туширилди.

Айни вақтда бу ерда янги шаҳарларда бўлмаган шароитлар мужассам. Энди меҳнат қилиш, эл-юрт корига яраш, фарзандларнинг яхши таълим-тарбия олиши учун ҳаракат қилиш фуқароларнинг ўз қўлида.

 

Суюн Намозов,

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси

Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА