Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Сардоба" коллекторида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди
13:57 / 2023-12-01

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё миқёсида аҳоли жон бошига бир йилда 750 куб метр ичимлик суви тўғри келса, 2050 йилга бориб, ушбу миқдор анчайин камайиб, 450 куб метрни ташкил этади.

Тоза ичимлик суви муаммоси юртимизда ҳам жиддий муаммога айланиб боряпти. Чунки,  юртимизга оқиб келаётган кўп дарёларнинг манбаси қўшни давлатлар ҳудудида бўлса,  ер ости сув манбалари ҳам йилдан- йилга камайиб кетяпти.

Бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш, сув исрофини камайтириш, энг муҳими, қишлоқ хўжалиги соҳасида сув тежамкор усуллардан фойдаланиш, сувни тежаш бўйича Сирдарё вилоятида ҳам  кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  

Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимида яна бир долзарб ишга қўл урилиб, Айдар-Арнасой кўллари тизимида сув сатҳининг кескин тушиб кетиши олдини олиш, кўл сувининг минерализациясини янада яхшилаш, балиқчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида  Мирзаобод туманидаги "Сардоба" коллекторида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бу эса Айдаркўлга “Дўстлик” канали орқали йилига 300 миллион куб метр сувни йўналтириш имконини беради. Бунинг учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм, шундан бошқа хизматлар учун 7 миллиард сўм, қурилиш ва монтаж ишларига 92,6 миллиард сўм пул маблағи йўналтирилди.

Умумий узунлиги 16 кмдан ортиқ бўлган тўйинтирувчи каналнинг 8,31 километрида реконструкция  тиклаш ишлари амалга оширилиб,  10 метрга 6 метрли 4 та,  10 метрга 15 метрли 2 та, жами 6 та кўприк янгидан қурилиб,  фойдаланишга топширилди.  

Ушбу юмушларни "Сирдарёсувқурилишинвест" ДМ буюртмаси асосида "Ўзмахсуссувқурилиш" масъулияти чекланган жамият сувсозлари амалга оширди.  

Бу ишларга қурилиш ташкилотининг 20 та экскаватори,  5 та бульдозери,  10 та автосамосвали,  60 дан зиёд ишчиси сафарбар этилди.  

–Энг асосийси, ишчи хизматчиларимиз томонидан 368,700 метр куб тўғон кўтариш ишлари, 2 773 610 метр куб ер ишлари ва бошқа ишлар амалга оширилиб, тўйинтирувчи канал муҳофаза майдонларига ҳудуд иқлим шароитидан келиб чиқиб, экотизимни ҳимоялашга, биохилма-хилликнинг  яхшиланишига, чўлланишнинг олдини олишга, ерларнинг емирилишини тўхтатишга хизмат қиладиган манзарали ва мевали кўчатлар экилди, –дейди "Ўзмахсуссувқурилиш" масъулияти чекланган жамият участка бошлиғи Даврон Холов.

Президентимиз раислигида яқинда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселекторда  глобал муаммога айланиб бораётган сув ресурслари, ундан самарали фойдаланиш усулларига аҳамият қаратилиб,  сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди.

Хуллас, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимидаги каналда амалга оширилган кенг кўламдаги иш, ана шу ишларнинг узвий давоми бўлди. Муҳими, мазкур каналда қурилиш ва реконструкция ишлари давом эттирилиб, йил сўнггига қадар ниҳоясига етказилади.

Айни вақтда бу каналдан 15 куб метр сув йўналтирилаётган бўлса, тўйинтирувчи канал тўла қувватда ишлай бошлагач, 55 куб метр сув ҳайдаш имкони юзага келади.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири