Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
САРДОБА: 10 минг 200 дан зиёд истеъмолчи электр тармоғига қайта уланди
20:18 / 2020-05-08

Сардобага келган офат нафақат аҳоли уй-жойига, балки кўплаб ташкилотлар фаолиятига жиддий зарар келтирди.


Сардобага келган офат нафақат аҳоли уй-жойига, балки кўплаб ташкилотлар фаолиятига жиддий зарар келтирди. Бунда биргина электр тармоқларини олайлик. Ҳозир шу ҳудуддаги нимстанциялар, электр симларининг аксарияти яроқсиз ҳолга келган.

Бугунги кунда туманлардаги талафотларни бартараф этиш ишлари қаторида электр энергия тармоқларини таъмирлаш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Сирдарё вилоятининг қатор ҳудудларида издан чиққан электр энергияси таъминотини тиклаш ишларига ҳам эришилди. Бу ишларга тармоқдаги 100 дан ортиқ ишчи-ходим бу ердаги таъмирлаш-тиклаш ишларига сафарбар этилган. 50 дан ортиқ махсус техника жалб қилинган. Сирдарёлик ҳамкасбларга Фарғона, Андижон, Наманган ва бошқа вилоятлардан зарур техника воситалари билан мутахассислар ҳам кўмакка келган.

– Оқолтин туманидаги “Шодлик” МФЙ аҳолисини электр энергияси билан таъминловчи 10 кВли “Истиқлол” ҳаво тармоғини текшириш ва зарар кўрган электр жиҳозларини янгилаш бўйича ишлар олиб борилди, – деди “Сирдарё ҲЭТК“ АЖ бош муҳандиси Зафарбек Турсунмуратов. – Туман электр тармоқлари ходимлари “А.Таиров” нимстанциясида тозалаш ҳамда яроқсиз электр ускуналарини текшириш ишларини бажармоқда.

Мирзаобод туманидаги “Дўнгариқ”, “Янгийўл” МФЙлари ҳудудидаги хонадонлар ҳам электр энергиясидан узилиб қолган эди. Туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари тезкорлик билан 4 трансформатор пунктини таъмирлади.

Тумандаги “Ҳақиқат” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам талафот оқибатида электр энергиясиз қолганди. 35/10 ПС Тошкент 10 кВли “Дўнгариқ” ҳаво тармоғига қўшимча 1,8 километр узунликдаги ҳаво тармоғи монтаж қилиниши натижасида мазкур маҳалла аҳолиси тўлиқ электр энергиясига қайта уланди.

– Сув тошқинининг талафоти жуда ёмон бўлар экан, – деди “Ҳақиқат” МФЙ фуқароси Акмалжон Тоғаев. – Кўрган офатимиз шу бўлсин. Халқимиз далдаси ва ёрдами бизга қайта куч берди. Ҳарбийлар дейсизми, электриклар, кўнгиллилар дейсизми, ҳамма-ҳаммаси бирдамликда талафотни бартараф этмоқда. Электр тармоқларига зарар етиб, маҳалла бутунлай чироқсиз қолганди. Мана, ҳозир яна қайта тикланди. Барча фидойи ҳамюртларимизга ўз ташаккуримизни билдирамиз.

Мухтасар айтганда, ҳудуддаги 10 минг 200 дан зиёд истеъмолчининг электр тармоғига қайта уланиши “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоасининг ҳамжиҳатлиги самарасидир.