Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сарчашмада илк сунъий музлик: сув танқислигига инновацион ечим (+видео)
11:21 / 2026-02-12

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Сарчашма маҳалласида Ўзбекистонда илк бор сунъий музлик объекти барпо этилди. Лойиҳа БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ваколатхонаси ташаббуси билан Экология ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ҳамкорлигида амалга оширилди.

Лойиҳада гуруҳ раҳбари сифатида фаолият юритаётган Шерзод Низомовнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус ФАОнинг “FOLUR” лойиҳаси доирасида илгари сурилди. Дастлаб қўшни Қирғизистоннинг Боткент вилояти Лайлак туманидаги Сумбула ҳудудида барпо этилган сунъий музликлар тажрибаси ўрганилди.

– Баҳор ойларида тоғли ҳудудларда сув тақчиллиги сезиларкан. Аҳоли бу лойиҳадан жуда миннатдор эканини билдирди. Шундан сўнг юртимизда ҳам шундай объект барпо этишга киришдик, – дейди у.

Қашқадарё вилоятидаги бир қатор тоғли ҳудудлар ўрганилиб, иқлим ва логистика имкониятлари инобатга олинган ҳолда Сарчашма маҳалласи танланди. Қурилиш ишлари жорий йил 10 январь куни якунланди. Қиш мавсумининг илиқ келишига қарамасдан, 20 кун ичида муз етарли ҳажмда шаклланди.

Лойиҳа доирасида 4 та махсус устун барпо этилган бўлиб, ҳар бири 400 куб метргача муз тўплаш имконига эга. Муз эриши натижасида тахминан 250 куб метр сув ҳосил бўлади. Жами қувват минг куб метрга яқин сув захирасини шакллантиради.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бу миқдор бир гектар буғдой майдонини суғориш ёки 20 та оилани 3 ой давомида ичимлик суви билан таъминлаш имконини беради. Муз эриш жараёни одатда 10 мартдан бошланиб, 20 июлга қадар давом этади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида музлик атрофида махсус ҳавза барпо этилиб, эриган сувни йиғиш ва қувурлар орқали аҳолига етказиш режалаштирилган.

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида амалга оширилаётган дастур миллий координатори Азиз Нурбековнинг айтишича, лойиҳанинг асосий мақсади сув танқислиги юқори бўлган баҳорнинг охири ва ёз ойларида аҳолини қўллаб-қувватлашдир.

– Дастлаб маҳалла аҳолисида маълум шубҳалар бўлди. Оқиб турган булоқ суви қандай қилиб музга айланиши мумкин, деган саволлар туғилди. Бироқ амалий натижа ишончни мустаҳкамлади, – дейди у.

Лойиҳа мутлақо табиий усулга асосланган бўлиб, атроф-муҳитга зарар етказмайди. Аксинча, музлик атрофида ўзига хос экомуҳит шаклланаётгани, турли жониворлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда.

Келгусида 50 минг куб метр қувватга эга йирик сунъий музлик лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

[gallery-27612]

“Ҳисор” давлат қўриқхонаси директори Қаҳрамон Нормуҳаммедовнинг таъкидлашича, Сарчашма қишлоғи Ҳисор тоғ тизмалари этагида, чегара ҳудудида жойлашган бўлиб, аҳолининг асосий тирикчилиги боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачиликка боғлиқ.

– Ёз ойларида ичимлик ва суғориш суви бўйича қисман танқислик юзага келади. Янги инновацион технология бу муаммони бартараф этишга хизмат қилади, – дейди у.

Қиш мавсумида тоғли ҳудудларда сув оқими кўпайиб, кўп қисми бекорга оқиб кетади. Сунъий музликлар орқали бу ресурсни муз шаклида сақлаб қолиш имкони яратилади. Қўриқхона буфер зоналарида ҳам шундай лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгариши шароитида сунъий музликлар тоғли ҳудудлар учун самарали ва иқтисодий жиҳатдан мақбул технология ҳисобланади. У нафақат аҳолини ичимлик суви билан таъминлайди, балки қишлоқ хўжалигида барқарорликни сақлашга ҳам хизмат қилади.

Сарчашмада барпо этилган илк объект мамлакатимизда сув ресурсларини бошқаришда инновацион ёндашувни кенгайтиришда муҳим қадам бўлди. Келгусида бундай лойиҳаларнинг ҳудудларда ижтимоий ва иқтисодий устуворликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wZJBR3sUqYI" title="Sarchashmada ilk sun’iy muzlik: suv tanqisligiga innovatsion yechim" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари