Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саратонга чалинганларнинг аксарияти чекувчилардир
15:44 / 2025-05-28

Чекиш, тамаки маҳсулотлари инсон саломатлигига жиддий зарар етказиб, жисмоний ва руҳий қарамликни юзага келтиради. Аммо шунга қарамай, бутун дунёда тамаки истеъмол қилувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Айниқса, вояга етмаган ёшлар ва хотин-қизлар орасида бу иллатнинг кенг тарқалаётгани, охирги йилларда ёшлар орасида «замонавий» тамаки ва никотин маҳсулотлари — никотинли ва тамакили снюс, электрон сигарет чекиш суръати кескин ўсиб бораётгани ачинарли.

31 май – Халқаро чекишга қарши курашиш куни. Шу муносабат билан Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Жумладан, партия  Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Тошкент давлат транспорт университети ҳамкорлигида мазкур сана муносабати билан талаба-ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда мутахассислар томонидан чекиш оқибатлари, тамаки маҳсулотларининг инсон саломатлигига зарарли таъсири ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Айниқса, онкологик касалликларнинг кенг тарқалишида чекиш асосий омиллардан бири экани таъкидланди. Маълумотларга кўра, саратон касаллигига чалинган беморларнинг аксарияти чекувчилардир. Тадбир мобайнида чекишнинг юрак-қон томир, ўпка ва бошқа ҳаётий аъзоларга кўрсатадиган зарарли таъсири бўйича статистик маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, пассив чекиш, яъни ён-атрофидаги чекувчи одамлардан чиқаётган тамаки тутунини нафас орқали қабул қилишнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам фикр юритилди. Бу ҳолат нафақат аҳоли ва болалар саломатлигига, балки жамият келажагига ҳам таҳдид солиши алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар соғлом турмуш тарзини танлаш, ёшлар орасида тамаки маҳсулотларига қизиқишни камайтириш, зарарли одатлардан воз кечиш ҳамда чекишга қарши курашишда фаол иштирок этишга чақирилди.

Жойларда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари томонидан ҳам Халқаро чекишга қарши курашиш кунига бағишланган ана шундай тадбирлар ташкил этилмоқда.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА