Дунё бўйлаб тиббиёт соҳасида эришилган ютуқларга ва хавф омилларини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, келгуси чорак асрда саратон касаллигидан ўлим ҳолатлари кескин ортиши кутилмоқда. Бу ҳақда “The Lancet” журналида эълон қилинган глобал ҳисоботда сўз боради.
Ҳисоботга кўра, 2050 йилга келиб саратон касаллигидан 18,6 миллион киши вафот этиши мумкин. Бу кўрсаткич 2023 йилги рақамга нисбатан деярли 75 фоизга юқоридир. Шу даврда саратоннинг янги ҳолатлари ҳам 60 фоиздан кўпроққа ортиб, 30,5 миллионга етиши прогноз қилинмоқда.
Саратон билан боғлиқ юкнинг асосий сабаблари сифатида аҳолининг қариши ва ўсиши кўрсатилмоқда. Айниқса, кам даромадли мамлакатлар бу ҳолатдан энг кўп зарар кўриши таъкидланмоқда.
Касалликнинг олдини олиш мумкин бўлган сабаблари
Саратон билан боғлиқ ўлимларнинг 40 фоиздан ортиғи олдини олиш мумкин бўлган 44 та хавф омилига боғлиқ.
Хусусан:
Эркаклар орасида ўлимнинг 46 фоизи: чекиш, спиртли ичимликлар, зарарли овқатланиш, касбий хавфлар, ҳаво ифлосланиши.
Аёллар орасида ўлимнинг 36 фоизи: тамаки, хавфли жинсий алоқа, нотўғри парҳез, семизлик, юқори қон босими.
Энг кўп зарар кўрувчилар – кам даромадли мамлакатлар аҳолиси
Тадқиқотда 204 мамлакатда 47 хил саратон тури ўрганилган. Прогнозларга кўра, 2050 йилда янги саратон ҳолатларининг ярмидан кўпи, ўлимларнинг эса учдан икки қисми айнан кам даромадли давлатларда кузатилади.
Непаллик тадқиқотчиси Мегҳнатҳ Дҳимал бу ҳолатни “яқинлашиб келаётган соғлиқни сақлаш инқирози” деб баҳолаган.
Шунга қарамай, илм-фан соҳасида ҳам умидбахш янгиликлар мавжуд. Масалан, Буюк Британиядаги Уорик университети олимлари яқинда олмос асосидаги янги датчик ёрдамида метастазларни аниқлаш усулини ишлаб чиққани ҳақида хабар берилган. Бу усул аввалгиларига қараганда хавфсизроқ ва аниқроқ бўлиши мумкин.
Мутахассислар мамлакатларни, айниқса, соғлиқни сақлаш тизими заиф бўлган ҳудудларни, саратоннинг олдини олиш ва эрта ташхис қўйиш имкониятларини кенгайтиришга чақирмоқда.
“Саратонни назорат қилиш учун ҳар бир мамлакатда иқтисодий жиҳатдан самарали чоралар мавжуд,” — дейди доктор Тео Вос, тадқиқот муаллифларидан бири.
Саратон хавфини камайтириш учун глобал даражада саъй-ҳаракатлар кучайтирилмаса, яқин келажакда бу касаллик энг асосий ўлим сабабларидан бирига айланиб қолиши мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/mZNpA7TRLiI?si=vaPA4zeGP2SHiQis" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА