Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саратон эрта аниқланса, даволаш самарадорлиги ошади
10:24 / 2026-02-05

Жаҳон миқёсида саратон касаллиги ҳақида хабардорликни ошириш, хасталикнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва даволаш муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида 4 февраль “Халқаро онкология куни” деб белгиланган.

Мамлакатимизда ҳам ушбу хасталикнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари асосида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда жойларда унинг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди, мазкур муассасалар моддий-техника базаси мустаҳкамланди.  

Хусусан, марказнинг Самарқанд филиали ҳамда шаҳар ва туманларидаги 18 та онкохона ва 27 та онконазорат хоналари орқали вилоят аҳолисига тезкор, сифатли хизмат кўрсатмоқда.  

– Кейинги йилларда тизимли равишда аҳолининг скрининг текширувларидан ўтказилиши ва профилактик кўриклар натижасида саратон олди ва саратон касаллиги эрта босқичларда аниқланмоқда, – дейди марказнинг Самарқанд филиали бош врачи Фирдавс Ўлмасов. – Масалан, 2024 йилда бирламчи аниқланган 2311 нафар беморнинг 378 нафари (16,5 фоизи)да хасталик профилактик кўрик чоғида топилган бўлса, ўтган йил 2138 нафар беморнинг 390 нафари (18 фоизи) профилактик кўрикда аниқланди. Албатта, касалликни эрта аниқлаш кўрсаткичи йилдан-йилга яхшиланмоқда. Лекин халқимизнинг тиббий кўрик ва скрининг текширувларига муносабатини ўзгартириш орқалигина бу кўрсаткичларни янада яхшилаш имкониятига эга бўлишимизни унутмаслигимиз керак.  

Маълумотларга кўра, ўтган йил филиалда 43700 нафарга яқин бемор даволанди. Хорижий давлатлардаги нуфузли тиббий муассасалари билан ҳамкорлик ҳамда филиал ходимларининг чет элда малака ошириб келиши натижасида 2025 йилнинг ўзида 13 турдаги юқори технологияли диагностика усуллари ва 19 турдаги юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини бажариш йўлга қўйилди. Умуман, кейинги тўрт йилда бу ерда 6325 та юқори-технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.  

Филиал раҳбарининг қайд этишича, жорий йилда муассасада юқори технологияли жарроҳлик амалиётига муҳтож 3000 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатиш, жигар ва бачадон хавфли ўсмаларида интервенцион радиологик жарроҳлик амалиётларини кенг жорий қилиш, молекуляр-генетик лаборатория ташкил этиш ҳамда нур терапияси самарадорлигини ошириш мақсадида “Чизиқли тезлатгич” нур аппаратини ўрнатиш режалаштирилган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири