Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
САРАТОН (Қатра)
09:49 / 2020-07-26

Қишнинг энг юксак қири – қантар оғиб, қозиқ бошида қор турмай, баҳорга тобе кунлар бошланиши – энг узун кечадан Саратоннинг киришигача бўлган масофа табиат қўли билан тортилган тўғри чизиққа ўхшайди.


Қишнинг энг юксак қири – қантар оғиб, қозиқ бошида қор турмай, баҳорга тобе кунлар бошланиши – энг узун кечадан Саратоннинг киришигача бўлган масофа табиат қўли билан тортилган тўғри чизиққа ўхшайди.

Йилни гўё қоқ ўртасидан икки паллага ажратгандек 22 декабрдан 22 июнгача шундай тенг, тўғри чизиқ бор. Баҳори тугаб, юксак тоғларга – баҳорюртга йўл олган чўпон-чўлиқни қори эримайдиган манзилларга элтиб, уларнинг қўшхонаси, ўтов анжомларини тоққа кўчириб қайтган қўнғир нор туялар йўл-йўлакай туяқорин, шувоқ, янтоқларни териб еб, даштларга келиб жойлашади. Баҳор ва ёз яйлов талашади. Ҳориган бу туялар чанқоғини адир-у тоғлар тўшидаги йиғилган сувлардан қондириб олиб, кавш қайтарганча қуёш тиғида чўкадилар. Тоғлардаги энди бошланган баҳордан, даштлардаги яккам-дуккам қовжироқ майсалардан тўйиниб нор туянинг бариси тулаган – жунларини тўкиб юборган. Дўмбира ноласидаги ўркач нидолари, булоқларнинг ўркач-ўркач сойларга дўниши ва шу кўҳна нортуялар – саратон юкчиларининг қўнғир-қўнғир, бағрида гармселнинг ичи куйиб кетган сароблари кўзни олгувчи даштнинг қирлари... Буларнинг барчасидаги ўркачлар бир-бирига ўхшаш, эгиз.

Саратон – йилнинг юмуши мўл, ҳосили ғарқ боғлари.

Саратон – сунбула оша кузак хирмонларини кўзлаб, қўлини пешонасига соялатиб қараётган деҳқоннинг сарвати.

Саратон – осмоннинг заминга тирсагини ботириб, энкайиб қараши.

Саратон – қошларнинг кўзларга, қабоқларнинг ёноқларга соя бериб, тоғ сўқмоқлари – қатлардай узун чизиқларни деҳқон-у чўпоннинг пешонасига тортиб ўтиши.

Саратон ели тўйларнинг товушларини олиб келади. Саратон “ҳайт” деган чўпон овозини қирлардан қайтариб, қўй қоринларига жойланган саримойларни Омонхона ғорларига яшириб келади. Гулбулоқдан сув олишга келган бўй қизларнинг аксини шу булоқда ўзларига кўз-кўзлаб, арчаларнинг шохига атай, билмагандай ташланган гул рўмолларини бўз йигитларга ўғирлатиб қўяди.

Саратон – саховат қўшиғи. Бу қўшиқни чўпон чалиб, деҳқон тўлиб айтади. Боғлар шовуллаб, далалар ҳуриллаб, тоғлар гуриллаб айтади. “Ўҳ, кўкракка шамол тегди-е”, деб юборади чилладан чиқиб тут пишиғидан беҳи пишиғини кутаётган кексалар. Термизда пишиб етилган чиллаки арпани Фарғона водийсининг тоғ олди майдонларида қайтадан экса бўлар экан. Саратоннинг авжида йилда икки марта ҳосил берар экан бу экинлар. Ана шу экинлар ичида оралаб юрган каламушми, илонми – уларнинг ҳеч бирига бободеҳқон зиён бермайди. Саратонда парлидан пар чиқади, тухумлар чумчуғу бургутга айланади. Қулону қурт – бариси болалайди. Керагага осилган тиллақош мунчоқларидай ярқираб, қўл чўзса етгудек юлдузлар остида қўшоёқнинг болалари оёқлана бошлайди. Даштдаги тулки инларига дуд қўйилмайди, болалари нобуд бўлади, дейишади. Туш маҳалида кукулаётган мусичаю каптарлар – бариси бир бўлиб ўз тухумига сано айтаверишади: ку-ку, ку-ку... Уларга жела қўйишмайди. Тилсиз балиқнинг увилдириғи сузишни ўрганаётганда бир ҳафталик бақалар томоқ чайиб сайрашни машқ қилади. Саратоннинг бағри кенг, бардоши мўл бўлади. Саратон овни, тажовузни тақиқлайди. Саратонни шаҳарларнинг бўйчан терагу оқ толлари олисдан кўради. Бошларини чайқаб, барглари билан шивирлашиб қолишади улар. Барглар қотади, шира бойлай бошлайди. Бу ширалар ёввойи ариларни ўзига тортади. Ҳашаротларнинг қисқа, учқур кунлари кўкда суза бошлайди. Саратон бозорининг қўли қўлига тегмайди. Очиқ кўнгил боладай “кулиб” турган тарвузлар пайкалидан қиздудоқ гилосгача – ҳаммаси бозор оралайди.

Тўққизда йиққанинг тўқсонга етадими, дейди саратон. Тўққиз ой йиғиб-териб, қоқ қилиб қуритиб, идишга солиб ёпганинг, қопларга жойлаб қўйганинг тўқсон кунлик қишга етадими, дейди саратон.

Ўн иккида йиққанинг ўттиз иккига етмайди, дейди яна у ўттиз иккита оқ тутдай тишларини кўрсатиб.

Саратон шаҳарликларни тоғларга сайрга олиб чиқади. Дашт болаларини шаҳарга ташийди. Саратон элни ишга кўмиб ташлайди, эл кафтига бол тўкади. Юртга файз беради. Қадим маконларда саратоннинг кўзлари киртайиб – уйқуга тўймай, йўлларнинг чангини чиқарган ана шундай кунларда кекса йўловчи – офтоб уловига қамчи бериб салгина тезлайди. Кундан тунга тилла тўкилади. Булутсиз, қизарган уфқ тилла теради. Кун қарийди, қисқара бошлайди. Саратоннинг жингиртоб тиғи замину замонга ўзига сездирмай зеб беради. Дастурхондай очиқ далаларда, кўнгилдай ройиш боғларда деҳқону боғбон кифтини қуёшга тираб ризқ бунёд қилади. Бу ризқни элга ҳозирлайди, элга атайди. Анҳорларда толларга кийимини илиб “гуппа-пиш” қилаётган болаларнинг кўзларида ўйнайди саратон. Бу кўзларда завқ ва келажак порлайди. Бу болалар қишлоқларидан шаҳару кентларга қирлар оралаб кетаётган турнақатор паравозларга қўл силкиб қийқиришади. Саратон қўнғир-қўнғир нортуяларни чўктирган даштларда эпкинлар чуқур нафас олиб сояпар манзилларга йўл олганида ана шундай баракали кунлар бошланган бўлади. Бизнинг умримизни ёзнинг норлари кузакка шу зайл элтиб ўтаверади.