Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сара уруғ – мўл ҳосил гарови
18:41 / 2023-09-26

Қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш биринчи навбатда сара ва сифатли уруғ танлаш, тайёрлашга боғлиқдир.

2024 йил ҳосили учун жамғарилган уруғлик донни ва жорий йилги пахта ҳосилини қабул қилиш, сифатли сақлаш ва тарқатиш жараёни билан танишиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси масъуллари билан ҳамкорликда Шароф Рашидов туманидаги “Дафна ифори” МЧЖ ғаллачилик кластери уруғчилик цехи ва сақлаш омборхонасида амалга оширилган ишлар билан қизиқдик.  

[gallery-13736]

– Жамоамизда 140 нафар ходим меҳнат қилади. Уруғлик дон маҳсулотларини Туркиянинг “ORTAC” компанияси технологияси асосида тайёрлаймиз. Ушбу соатига 10 тонна донни қайта ишлайдиган қурилманинг имкониятларидан унумли фойдаланилмоқда. Жорий йилда Ҳамроқул Носиров номидаги фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасининг 60 гектар майдонига экилган ғалланинг “Безостая-100” навидан гектарига 110 центнердан ҳосил йиғиштириб олишга эришдик. Илгари бу кўрсаткич 60-70 центнерни ташкил қиларди. Бу, аввало, сара уруғ танланиб, сифатли ишлов амалга оширилгани туфайли деб ўйлайман, – дейди “Дафна ифори” МЧЖ кластери бош ҳосилоти Шокир Ибодуллаев.  

– Жорий йилнинг ўтган даврида жами 420 та назорат тадбири ўтказилиб, шундан текширишлар сони 20 та, мониторинглар сони 400 тани ташкил қилди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Хайриддин Султонов. – Назорат тадбирлари давомида аниқланган 181 та қонунбузилиш ҳолати бўйича 149 та ёзма кўрсатма, 27 та тақдимнома ва 4 та маъмурий жарима қўлланилди.  

– Вилоятимизда жорий қишлоқ хўжалиги йилда 7 та пахта-тўқимачилик кластери ва 3 та элита уруғчилик хўжалиги томонидан жами 9 минг 990 тонна, шундан 4 минг 650 тонна асосий фонд  ва 5 минг 340 тонна захира фонд учун уруғлик пахта хомашёсини жамғариш режалаштирилган. Жамғарилган уруғлик пахта хомашёсининг 1 минг 560 тоннасини “Султон”, 4 минг 300 тоннасини “С-8290” ва бошқа истиқболли навлар ташкил этиб, шундан 44 тоннаси супер элита авлодга, 580 тоннаси элита авлодга, 4 минг 945 тоннаси R-1 авлодга ва 4 минг 425 тоннаси R-2 авлодга мансуб, – дейди Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Акмал Абдуллаев. –Шароф Рашидов туманидаги “Жиззах индустриал тўқима” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерида жорий йил ҳосилидан  уруғлик пахта хомашёси жамғариш ва сақлаш бўйича белгиланган профилактика тадбирларининг амалга оширилиш жараёнлари ва меҳнаткашларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишдик. Ушбу кластерда ҳам ишчи-хизматчиларнинг унумли меҳнат қилиши, ўз вақтида овқатланиши, кўнгилдагидек дам олиши учун барча қулайлик яратилган.  

– Бу йилги ҳосилдан “Жиззах индустриал тўқима” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерида 1 минг 100 тонна асосий фонд ва 1 минг 500 тонна захира фонд учун, жами 2 минг 600 тонна уруғлик пахта хомашёси жамғарилиши режалаштирилган, – дейди инспекциянинг тайёрлов бўлими бошлиғи Бектош Ашуров. – Бугунги кунгача 1 минг 280 тонна ёки 48 фоиз ҳосил нав ва авлодлар бўйича алоҳида жамғарилган ва сифатли сақланишига алоҳида эътибор қаратилган.  

– Бугунги кунда барча пахтачилик кластерларида уруғлик пахта хомашёси селекцион нави ва авлодлари бўйича алоҳида-алоҳида ғарамларга жамғарилиб, сифатли сақланишини ташкил этиш бўйича ишлар белгиланган режалар асосида амалга оширилмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Шароф Рашидов тумани бўлими бош мутахассиси Бойжигит Турдимуратов.  

Туманда келгуси йил уруғлик ғалла ва пахта етиштиришга алоҳида эътибор берилаётгани эътиборга молик. Мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим саналган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – ғалла ва пахтадан мўл ва сифатли ҳосил олишда сара уруғ тайёрлаш келаси йил баракали хирмон кўтаришда катта заминдир.  

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),

ЎзА мухбирлари.