Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сара уруғ мўл ҳосил гарови
17:32 / 2021-05-20

Ҳар қандай қишлоқ хўжалиги экинидан юқори ҳосил олиш аввало сара ва сифатли уруққа боғлиқ. Айниқса, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигининг 50 фоизи навнинг биологик хусусиятларига, қолгани сифатли сара уруғликка ва самарали агротехника тадбирларига боғлиқ.

Юқори Чирчиқ туманида «2022 йил ғалла ҳосили учун сифатли уруғлик дон тайёрлаш» мавзусида ташкил этилган семинарда шу ҳақида сўз борди. Хусусан, ҳудуддаги тажриба даласида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Узоқов, туман ҳокимларининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Тошкент илмий тажрибаси станцияси ходимлари ҳамда фермерлар хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоят бўйича жами 125 та ғалла уруғи етиштирувчи фермер хўжаликлари ҳамда агрокластерлар фаолият юритаётган бўлиб, улар томонидан 8 минг 490 гектар майдонда 20 дан ортиқ турдаги ғалла уруғи экилган.

Тошкент вилояти бўйича 27 минг 510 тонна уруғлик ғалла етиштириш режалаштирилган. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳаллий ғалла уруғи навлари билан бирга, Россия Федерациясидан келтирилган уруғ қўшимча равишда 427 гектар ерда экилди. Ўрта Чирчиқ туманида эса «Мадониз» фермер хўжалигида уруғлик ғалла экилган майдон жами 427 гектар бўлиб, 1 минг 495 тонна «Веха» нави етиштириш кўзда тутилган.

Семинарда етиштирилган уруғлик ҳосилни назоратдан ўтказиш бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. Хусусан, 2021 йил ҳосили учун уруғлик дон етиштирувчи фермер хўжаликлар ҳамда агрокластерларнинг ғалла майдонларини апробациядан ўтказиш бўйича 100 га яқин мутахассислар жалб этилган бўлиб, ҳар бир апробаторга ўртача 102 гектар майдон тўғри келмоқда.

Шунингдек, семинар давомида ғалла уруғини етиштириш бўйича 20 гектардан кам бўлган ҳамда ҳосилдорлиги юқори бўлмаган майдонларда уруғ экиш яхши самара бермаётгани, келгуси йил ғалла уруғини етиштириш бўйича ҳар бир фермер хўжаликлари учун камида 30 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилаётгани хусусида айтиб ўтилди. Бунда ер майдонини танлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.  

 

А. Мусаев, ЎзА