Навоий вилоятидаги 92 та фермер хўжалиги 2 минг 850 гектар ер майдонида уруғлик дон етиштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан уруғлик экилган ғалла майдонларида сара уруғ жамғариш мақсадида дала апробация кўриклари ўтказилмоқда. Мақсад, қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик жиҳатидан тозалиги, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлиги, экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлашдан иборат. Шу боис мазкур жараёнга жиддий ёндашилиб, апробацияни сифатли ва самарали ўтказишга эътибор қаратиляпти.
– Апробация кўриги давомида уруғлик дон эккан барча хўжалик раҳбарларига огоҳлантириш хатлари берилди, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими бош инспектори Асқар Мирзаев.
– Бундан ташқари, апробация кўригида уруғлик ғалла майдонида бегона нав ва бегона ўт аралашишига йўл қўйган 7 нафар фермерга нисбатан аниқланган камчиликлар бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, туман судларига юборилиши таъминланди.
Айни пайтда Кармана туманида 592, Қизилтепада 622,3, Навбаҳорда 585 ва Хатирчи туманида 1051 гектар майдонга уруғлик дон экилган. – 30 гектар майдонга уруғлик доннинг “Аср”, “Супер элита” навларидан экканмиз, – дейди Хатирчи туманидаги “Турсунов Камолиддин” фермер хўжалиги раиси Беҳзод Умаров. – Агроинспекция туман бўлими ходимлари ғалла майдонига бегона нав, бегона ўт аралаштирмаслик, нав тозалигини сақлаш бўйича огоҳлантириш хатларини берди. Ҳозирча ҳар гектар майдондан 80 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз.
Инспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан уруғлик ғалла майдонларини апробация кўригидан ўтказилганлиги бўйича далолатномалар тузилгани ҳам ўрганилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА