Пойтахтимизда “Янги Ўзбекистонда таълим тизимини трансформация қилиш, таълим сифатини ошириш пировард мақсад сифатида” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Тадбир Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказилмоқда. Унда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим бўйича бош мутахассиси Сара эл-Аттар, Буюк Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги вакиллиги директори Дениз Воддингхем иштирок этмоқда.

Тадбирни олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов очиб берди.

–Олий таълим тизимида асосий эътибор мамлакатимиз ёшларини таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароит яратишга қаратилди, – дейди Қўнғиротбой Шарипов. – Экология, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тиббиёт, ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва машинасозлик каби стратегик муҳим соҳаларда илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада меҳнат бозори учун муҳандис кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш бўйича тизимли ишлар ташкил қилинмоқда. Ушбу йўналишлардаги лойиҳалар устувор вазифа сифатида белгиланиб, улар орқали келажакдаги барқарор ривожланишга эришиш ва юқори илмий-салоҳиятли кадрларни тайёрлаш мақсад қилинган. Янги Ўзбекистонда олий ва касбий таълим тизимини, шунингдек, фан ва инновациялар соҳасини янги босқичга кўтариш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилади.

Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим бўйича бош мутахассиси Сара эл-Аттар бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда таълим тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг сифатини ошириш муҳимлигига эътибор қаратиб, ЮНEСКО бу ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди. Инклюзивлик ва таълим сифатини таъминлайдиган тизим яратишда рақамли трансформация, иқлим ўзгариши ва ижтимоий тенгсизлик каби глобал муаммолар олдида ёшларнинг замон талабларига жавоб берадиган таълим олиш имкониятига эга бўлишини таъминлаш учун кучларни бирлаштириш лозимлигини қайд этди.
Конференция давом этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА