Пойтахтимиздаги "Ёшлар ижод саройи"да Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси муассислигидаги нашр — “Саодат” журнали ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан “Саодат" журналининг 100 йиллиги: бир асрлик маърифат байрами” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур маърифий анжумандан кўзланган мақсад — ўтган бир аср давомида хотин-қизлар маънавияти, оила тарбияси, адабиёт ва маданият равнақига хизмат қилиб келаётган “Саодат” журнали фаолиятини кенг жамоатчиликка янада яқинлаштириш, унинг бой ижодий мероси ва тарихи орқали мутолаа маданиятини рағбатлантириш, ёш қаламкашларни илҳомлантириш, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар руҳида маърифатли жамият барпо этиш ғоясини кенг тарғиб қилишдан иборатдир.
Тантанали маросимда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова “Саодат” журналининг ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида батафсил сўзлади. “Саодат”нинг халқимиз маънавиятига қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этиб, журнални “кўнгилларимизга маърифат, адабиёт ва тарбия улашган нашр”, дея таърифлади.
Таъкидланганидек, журнал босиб ўтган йўл — бир асрлик тарих, қадрият ва маърифатни маёқ билган, ўнлаб, юзлаб истеъдодларни етиштирган адабий минбар ҳамдир. “Саодат” ана шу йўлда момоларимиз, бувиларимиз, оналаримиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз қалбига кириб борган, миллионлаб хонадонларимизга зиё улашган, тарбия, адабиёт ва маърифатни элга етказган онахон нашрдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, оила тинчлиги ва маънавий барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётир.
Шу маънода, мамлакат тараққиётининг муҳим мезони бўлган — “маърифатли жамиятни маърифатли оналар билан қуриш” ғояси “Саодат” журнали фаолиятининг ҳам устувор ғоя ва стратегиясига айланган.
Ўтган юз йиллик маърифат йўли давомида “Саодат” аёлларимизнинг қувончи ва ташвишини, орзуси ва интилишини, юрт ҳаётидаги долзарб масалаларни ўз саҳифаларида акс эттириб, кўп сонли хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида чинакам таянч, рағбат ва ишонч манбаи бўла олди. “Саодат” қандай давр ва шароитда нашр этилмасин, у ҳамиша, хотин-қизларимиз маънавияти, адабиёти, санъати ва турмуш тарзи билан боғлиқ энг долзарб ғоя ва ташаббусларни илгари суриб келган.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Холмурод Салимов, “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова ва бошқалар босма нашрларнинг яшаб қолиши осон бўлмаган бугунги глобаллашув шароитида “Саодат” журнали фаолияти бардавом бўлиши учун, энг аввало, давлат томонидан қатор рағбат ва имтиёзлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Журнални моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, унинг бадиий ва ижтимоий таъсир жиҳатидан янада етук бўлиши, юртимиздаги оилаларга кенгроқ кириб бориши ҳамда мутолаа давраларини кенгайтириш учун амалий чоралар кўрилаётгани эътиборга моликдир. Нашрнинг бир асрлик юбилейининг катта тантана сифатида нишонланаётгани, журналга кўрсатилаётган эътибор ва рағбатлар ҳам Президентимизнинг, аввало, хотин-қизларга ҳамда “Саодат” журналига бўлган юксак ҳурматининг яққол далили экани эътироф этилди.
“Саодат”да узоқ йиллар муҳаррирлик қилиб, ижодий мактаб яратган номи ҳамиша барҳаёт Зулфияхоним, улуғ шоирамиз Ҳалима Худойбердиева номлари билан боғлиқ ижод мактаблари қад ростлагани, уларнинг бадиий сиймолари — ҳайкаллари юртимизнинг диққатга сазовор майдонларида қад кўтариб тургани ҳам ушбу улуғ эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин намунаси эканига алоҳида тўхталди.
Юртимиз хотин-қизларининг оммабоп ижтимоий-сиёсий, бадиий-безакли журнали “Саодат”га 1925 йилда асос солинган. Турли йилларда турли номлар билан — 1925-1934 йилларда “Янги йўл”, 1936-1950 йилларда “Ёрқин турмуш”, 1950-1965 йилларда “Ўзбекистон хотин-қизлари” номлари билан чоп этилган журнал 1966 йилдан буён “Саодат” номи билан фаолият юритиб келмоқда. Айрим даврларда — 1934-1936 ва 1941-1950 йилларда турли сабаблар билан нашр фаолияти тўхтаб қолган.
“Саодат” қандай ном билан яшаб, қайси даврларда чоп этилган бўлмасин, барчаси аёл ижодкорлар учун парвоз майдони бўлиб хизмат қилди. Журнал бир аср давомида аёллар ҳаёти, қувончу-ташвишлари, ижтимоий-маънавий масалаларни ёритиб, маърифат, адабиёт, тарбияга хизмат қилиб келаётган қадрли манба сифатида эътироф этилди.
Нашрга турли йилларда муҳаррирлик қилган серқирра ижодкорлар – Тожихон Шодиева, Собира Холдорова, Хосият Тиллахонова, Саодат Шамсиева, Фотима Ниёзова, Иқбол Акбархўжаева, Ойдин Собирова, Зулфия Исроилова, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева ва бошқалар миллатимиз қизларига намуна ва ибрат бўла оладиган ижод намуналарини яратдилар. 2018 йилдан буён журналга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Мунаввара Усмонова раҳбарлик қилиб келмоқда.
Мамлакатимиз аёлларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий ҳаётини, қувончу-ташвишларини қарийб юз йил давомида ўз саҳифаларида ёритиб келаётган “Саодат” журнали бир неча авлодга тарбиячилик қилди. Ижодкорларнинг сиёҳи қуримаган ҳикоя ва шеърлари, жаҳон адабиётининг энг сара асарлари, маърифий юксалиш, ҳуқуқий, тиббий, иқтисодий саводхонлик, оилада соғлом муҳит яратишга хизмат қилувчи таҳлилий мақолалар билан “Саодат” ўқувчилар қалбидан мустаҳкам жой олди.
Ўтган барча даврларда журнал ўзбек аёлининг оилада назокатли, севимли, фарзандларига меҳрибон бўлиши, турмуш машаққатларини енгиб ўтиб, жамиятда ҳам ўз ўрнини топишига кўмакдош бўлди. Адабиётга кўнгли ошуфта ёш қаламкашлар ижодининг ривожига катта ҳисса қўшди. Саида Зуннунова, Хосият Лутфуллаева, Уллибиби Отаева каби сўзлари барҳаёт устозларнинг, бугун ҳам адабиётимизда ўз ўрнига эга Хосият Бобомуродова, Дилбар Ҳайдарова, Ҳаётхон Ортиқбоева каби адибаларнинг қаламлари “Саодат” саҳифаларида чархланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни мутлақо янги босқичга кўтарилди. Президентимиз ташаббуси билан аёллар давлат бошқаруви, илм-фан, маданият, тадбиркорлик ва спорт соҳаларида фаол ва таъсирли куч сифатида тан олинди. Ушбу улуғвор ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари “Саодат” эътиборидан четда қолмай, журнал саҳифаларида изчил ёритиб келинмоқда.
Янги Ўзбекистон “Саодат”га янги нафас, янги мазмун ва янги мавзулар олиб кирди. Журнал саҳифаларида “Тадбиркорлик — замон талаби”, “Замондошларимиз”, “Аёл ва давр”, “Фанимиз фидойилари”, “Маҳалла ҳаётидан”, “Бугуннинг ёшлари”, “Долзарб мавзу”, “Олисдаги яқинларимиз”, “Биз зўравонликка қаршимиз”, “Ибратли умр” каби рукнлар остида таҳлилий, маърифий, танқидий руҳдаги мақолалар мунтазам берила бошлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан алоҳида таъкидланганидек, мамлакат аёлларининг овози бўлган “Саодат” журнали юртимиз бўйлаб маҳаллалар, оилалар, ўқув муассасалари ва хонадонларга кириб бориб, туман, шаҳар, қишлоқ ва овулларда ҳам мутолаа давралари кенгайишига сабаб бўлмоқда.
Таҳририят жамоасини моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида сана муносабати билан эса 7 нафар ижодкор хотин-қиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, журналнинг 2 нафар ходими Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, 2 нафар ходими Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзоликка қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди. “Саодат”нинг хориж ва юртимиздаги дўстларининг онлайн табриги ҳам намойиш этилди.
Тадбирда муҳим сана муносабати билан маънавият ва маърифатга бўлган юксак эътибор рамзи сифатида журналга Президент совғаси — автомобиль топширилди.
Маърифий анжуманда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мамлакатимиздаги аёл раҳбарлар, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар вакиллари, ижод аҳли, ёш ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири