Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноатлаштириш – экспорт салоҳиятини ошириб, импортнинг ўрнини тўлдиришга қаратилгани билан самарали
13:36 / 2025-07-09

Ислоҳот одимлари

Саноатлаштириш сиёсати экспорт салоҳиятини ошириш ва импортнинг ўрнини тўлдиришга қаратилгани билан самарали ҳисобланади. У мавжуд қувватлардан унумли фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга оширишдан иборат. 

Бугун дунё давлатлари олдида турган глобаллашув жараёнида иқтисодиётнинг мустаҳкам устунлари ҳам айнан саноатлаштириш билан ишончли саналади. Боиси, жамиятда тараққиётга сабаб бўлувчи омил аҳолини даромадли ва доимий иш билан таъминлаш орқали юзага келади. Дарҳақиқат, саноатлаштириш тармоғи айни мақсадлар билан узвий боғлиқ. 

Бугун юртимиз ҳудудларида саноат корхоналари билан ишлашнинг “республика – вилоят – туман” тамойили асосида “вертикал тизим” фаолият юритмоқда. Тизим асосида манзилли ишлаш орқали саноат корхоналарининг жами 4,5 мингта, жумладан, 378 та республика даражасидаги муаммолари ҳал қилинди.

Натижалар тадбиркорларнинг янада қўллаб-қувватланишига асос кенгайиб бораётганидан далолат. Буларнинг узвий давоми сифатида жорий йил биринчи ярим йиллигида республикада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 460 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,3 фоиз ўсишга эришилди. 

Саноатнинг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 26,8 фоизга етди. Бунда қурилиш материаллари (18,5 фоиз), озиқ-овқат(12,5 фоиз), автомобилсозлик(7,5 фоиз), тўқимачилик (ўсиш 7 фоиз) ва металлургия (4 фоиз) каби драйвер тармоқларида саноатнинг барқарор ўсиш суръатларига эришилди.

Асосий турдаги маҳсулотлар бўйича оладиган бўлсак, йирик корхоналар томонидан 56,7 тонна олтин, 80 тонна кумуш24,7 миллион квадрат метр ойна,7 миллион тонна цемент, 29 миллион квадрат метр гипсокартон ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Шу билан бирга, республика товар-хомашё биржа битимлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробарга ортиб, 82,7 триллион сўмни ташкил этди.

          Таъкидлаш жоизки, саноатлаштириш сиёсати глобаллашув шароитида иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш орқали оширишга қаратилган бўлиб, бу сиёсат алоҳида тармоқ ёки тармоқларни ривожлантиришга нисбатан кенгроқ мақсадни кўзлайди. Натижада иқтисодиётнинг қиёсий устунликлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди ва юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Шу ўринда юртимиз ҳудудлари бўйича ўсиш суръатига эътибор қаратадиган бўлсак, Жиззах 11,8 фоиз, Навоий 10,7 фоиз, Хоразм 9,4 фоиз, Наманган ва Қашқадарёда 7,2 фоиз юқори ўсиш қайд этилди.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин – республикада фаолият кўрсатмаётган саноат корхоналари тақдирига қандай ёндашилмоқда?

Саноат корхоналари билан “вертикал ишлаш тизим”и жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўз натижаларини берганини кўришимиз мумкин. Жумладан, ҳисобот даврида фаолият кўрсатмаётган 4,5 мингта саноат корхонаси фаолияти қайта йўлга қўйилиб, 112 миллиард сўмлик қувват яратилди ва 7 мингта иш ўрни тикланди.

Саноат соҳасини янада ривожлантириш, маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва уларга шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мос келувчи саноат сиёсати концепцияси асосида “2030 йилгача республика саноатини ривожлантириш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бу каби эришилган ютуқлар ҳажми ва самарасига назар ташлаб айтиш мумкинки, кейинги босқичдаги ҳаракатларга бугунги натижалар яхшигина туртки бўлади. Маррани кенг олган ҳолда, иккинчи ярим йилликда ҳам тизимли ишлар давом эттирилиб, йил якуни билан 6,2 фоизлик ўсиш суръатига эришилиши таъминланади.

Бобур ҚЎЗИЕВ, 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи.

ЎзА