Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноатда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш 65 фоизга етказилган
12:24 / 2025-12-26

Мамлакатимизда саноат тармоқларида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, саноат корхоналарида маҳаллий хомашё ва бутловчи қисмлардан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Шу йил январь-сентябрь ойларида 1 минг 814 та лойиҳа доирасида 78 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Хусусан, ушбу кўрсаткичларнинг 49 фоизи тармоқ корхоналарга, 51 фоизи эса ҳудудий корхоналарга тўғри келади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражаси ўртача 65 фоизга етказилган.

Бунинг натижасида импорт ўрнини босиш самарадорлиги 6 миллиард долларни ташкил этиб, 1,1 миллиард долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилган. Шу билан бирга, ушбу лойиҳалар ҳисобига 9 минг 864 та янги иш ўринлари яратилган.

Булар ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.  

Унда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг “Саноатда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. Эшитувда соҳадаги ишлар таҳлил қилиниб, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА