Жаҳон кимё ва нефть-газ саноатида технологиялар тез суръатда янгиланиб, экологик барқарор маҳсулотлар ишлаб чиқаришга бўлган талаб ортиб бораётган бир вақтда Ўзбекистон ҳам бу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни кучайтиряпти.
Мамлакатда ишлаб чиқариш жараёнларини сифат жиҳатидан яхшилаш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ҳажмини ошириш соҳадаги асосий вазифалардан бирига айланган. Шу мақсадда “Ўзбекнефтгаз” АЖ сўнгги йилларда АҚШнинг етакчи компаниялари билан инновацион ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Пойтахтда ўтказилган икки кунлик семинар эса бу ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Энергетика вазирлиги ва АҚШнинг “Honeywell UOP” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда кимё ва энергетика соҳасидаги етакчи корхоналар, мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Семинар доирасида ишлаб чиқаришда қўлланилаётган замонавий технологик ечимлар, жаҳон бозоридаги трендлар ва соҳанинг истиқболли йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлабки кун муҳокамалари асосан Ўзбекистонда чизиқли алкилбензол (LAB) ишлаб чиқариш имкониятларига бағишланди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “KMGPetroChem” ва “Uzbekistan GTL” корхоналари мутахассислари томонидан LAB маҳсулотини олишдаги технологик босқичлар, хомашёни қайта ишлаш жараёнининг муҳим жиҳатлари, ҳамда маҳсулотнинг экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Мутахассислар юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотларга бўлган халқаро талаб ва бозор имкониятлари ҳақида ҳам атрофлича фикр юритди.
Семинар иштирокчиларига “Honeywell UOP” ишлаб чиққан илғор декарбонизация технологиялари намойиш этилди. Бу технологиялар саноат корхоналарида углерод чиқиндиларини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Компания мутахассислари томонидан тақдим этилган инновацион ечимлар маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизация қилишда катта амалиётга эга бўлиши қайд этилди.
Семинарнинг иккинчи куни эса юқори технологияларни саноатга жорий этишнинг иқтисодий самараси ва улар орқали маҳаллий маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш масалаларига бағишланди. Тақдимотлар давомида MTO технологияси метанолдан этилен, пропилен ва бошқа муҳим кимё маҳсулотларини олишнинг устунликлари кенг ёритилди. Катализаторлар ва адсорбентлардан фойдаланишдаги илғор тажрибалар, маҳсулот сифатига таъсир этувчи омиллар ва ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш борасида амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, олефинлар ишлаб чиқаришда хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятлари, инвестицион лойиҳаларнинг истиқболлари ва маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган янги ташаббуслар муҳокама қилинди. Корхоналарнинг халқаро стандартларга мос ишлаб чиқариш тизимини шакллантириши учун зарур бўлган техник ва технологик ечимлар ҳам тақдим этилди.
Тадбир якунида “Honeywell UOP” мутахассислари амалий машғулотлар, технологик жараёнларнинг жонли намойишлари ва мутахассислар учун махсус тренинглар орқали ўз ишланмаларини батафсил тушунтирди. Таъкидланганидек , ушбу семинар маҳаллий саноатда инновацион ечимларни кенг жорий қилиш, халқаро тажриба алмашинувини кучайтириш ва келгуси йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим платформа вазифасини бажарди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА