“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида саноатнинг «драйвер» соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш борасида қатор устувор мақсад-вазифалар белгиланган. Ушбу йўналишдаги мақсадлар “OʻzLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сонида соҳа вакиллари, депутатлар ва олимлар иштирокида қизғин муҳокама қилинди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Тулегенова саноат соҳасининг ҳуқуқий асослари хусусида тўхталиб ўтди.
— “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида жорий йил якунига қадар “Кичик саноат зоналари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда 108 мингдан ортиқ саноат корхоналари мавжуд. Ушбу соҳадаги ишларни ривожлантириш ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ошишига хизмат қилади. Стратегияда ЯИМни 160 миллиард долларга етказиш бўйича мақсадлар ўрин олган. Бунга эришишда, албатта, саноатнинг ўрни муҳим.

Биз депутатлар округлардаги фаолиятимиз давомида саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишамиз. Кўп ҳолларда инвестиция жалб этилган саноат корхоналарида кадрлар етишмаслиги, мутахассислар йўқлиги муаммоси мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, жойлардаги ўрганишларимиз давомида электр энергиясидаги узилишлар саноат корхоналари фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётгани каби муаммоларга дуч келяпмиз. Бугун саноатни ривожлантиришда қандай муаммолар бор, қонунчиликда қандай бўшлиқлар мавжуд — бу борада таклифлар берилса, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш устида иш олиб боришимизда қўл келади.
Стратегияда саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўринларини яратиш мақсади белгиланган. Пресс-клубда соҳа вакиллари ушбу мақсад доирасидаги ишларни муҳокама қилди.
Соҳа вакиллари қайд этганидек, саноат соҳасида юқори даромадли иш ўрни бўлиши учун, аввало, муқим иш ўрни яратиш лозим. Бугунги кунда саноат тармоқларида 2 миллионга яқин иш ўринлари мавжуд. Келгусида яна 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўринларини яратиш мақсади қўйилмоқда. Бу борада муайян ишлар режалаштирилган. Масалан, биргина кейинги йил электромобиллар ишлаб чиқариш соҳасининг ўзида 1000 та иш ўрни яратилади.
Энг кўп иш ўрни яратилган соҳалар маҳаллий корхоналар ҳисобланади. Биргина тўқимачилик соҳасида 750 мингдан ортиқ ишчи иш билан таъминланган.

Тадбирда таъкидланганидек, Стратегияда белгиланган йирик корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ҳудудий корхоналар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйган корхоналарни фаол рағбатлантириш тизимини жорий қилиш, ҳар бир туманда замонавий технологик саноат зоналарини ташкил этиш каби мақсадлар ижросини таъминлаш муҳим масалалардандир. Бу борада амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар қизғин муҳокама қилинди.
“OʻzLiDeP PRESS KLUBI” муҳокамалари давомида саноат соҳаси мутасаддилари томонидан соҳани ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш юзасидан қатор таклифлар ўртага ташланди, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА