Саноатбоп ва харидоргир
Пахтачиликда самарадорликнинг юқори бўлиши кўп жиҳатдан ғўза навига боғлиқ. Чунки пахта толаси рангининг тиниқлиги, пишиқлиги ва узунлиги, бир сўз билан айтганда, сифат кўрсаткичларининг юқори бўлиши, аввало, нав хусусиятларига бориб тақалади.
Хорижлик мутахассислар Ўзбекистон пахтасига шундай таъриф бермоқдаПахтачиликда самарадорликнинг юқори бўлиши кўп жиҳатдан ғўза навига боғлиқ. Чунки пахта толаси рангининг тиниқлиги, пишиқлиги ва узунлиги, бир сўз билан айтганда, сифат кўрсаткичларининг юқори бўлиши, аввало, нав хусусиятларига бориб тақалади.
Президентимиз раҳнамолигида селекционер олимлар томонидан ҳар бир вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитига мос, эртапишар, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, толасининг сифати халқаро талабларга жавоб берадиган ғўза навларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида” ҳамда “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунлари бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоролик селекционер олим Аухат Батталов яратган “Бухоро-6” ва “Бухоро-8” ғўза навлари ҳосилдорлиги, пишиқлиги, тола чиқиши юқорилиги билан мутахассису деҳқонлар эътиборини қозонган. Мазкур навларнинг толаси Ливерпуль халқаро пахта биржасида эталон сифатида тан олинган.
Деҳқоннинг чигитни экишдан бошлаб ғўза парвариши даврида барча агротехник тадбирларни меъёрида бажариши, пишиб етилган пахтани ўз вақтида йиғиб-териб олиш муҳим аҳамиятга эга. Тола сифати хомашёни қайта ишлаш технологияси мукаммаллигини ҳам талаб этади. Бу “Бухоропахтасаноат" ҳудудий бирлашмаси акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги пахта тозалаш заводлари олдидаги муҳим вазифадир.
Вилоятда ана шу корхоналарни замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлаш, ишни тўғри ташкил этиш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Тизимдаги корхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, – дейди “Бухоропахтасаноат” ҳудудий бирлашмаси акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Машҳур Раҳматов. – 2013 йилда Жондор пахта тозалаш заводида тозалаш ва тола ажратиш цехларидаги сепаратор, вентилятор, циклон қувурлари, УХК линиялари янгиланди. Қатор ускуналар мукаммал таъмирланди. Ишлаб чиқариш технологик занжирининг янада узвийлигини таъминлаш мақсадида момиқ ишлаб чиқариш цехи бошқа жойга кўчирилиб, унинг ўрнида тола тозалаш бўлинмаси жойлаштирилди. Дастгоҳ ва ускуналарнинг айланувчи қисмларига ҳимоя тўсиқлари ҳамда электроблокировкалар ўрнатилди. Тозалаш, жинлаш ва момиқ ажратиш цехларидаги электр шкафлар марказлаштирилган ҳолда алоҳида хонага жойлаштирилди. Ишчи-ходимларга маиший-маданий хизмат кўрсатиш шароитлари яхшиланди. 2014 йилда Ромитан туманидаги “Оқ олтин” пахта тозалаш заводи цехлари ҳам худди шундай технологик янгиланди.
Жорий йил ҳосилини қайта ишлашга тайёргарлик доирасида “Шофиркон пахта тозалаш” заводида хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда тола ва линт цехларида замонавий пресс ускуналари ўрнатилди. Ана шу ва бошқа технологик тадбирлар натижасида дастлабки кунлардаёқ иш унумдорлиги ошди. Корхонада бир кеча-кундузда пахтани қайта ишлаш ҳажми ўтган йилдаги 60 тонна ўрнига 75 тоннага етди. Ресурс сарфи камайди. Бир тонна тола ишлаб чиқаришга илгари 370 киловатт электр энергияси сарфланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 240 киловаттни ташкил этмоқда. Демак, маҳсулот таннархи камаяди. Бу унинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омиллардан биридир. Модернизация туфайли тола сифати ҳам ошмоқда.
– Сифат ҳар қандай корхона салоҳиятини белгиловчи муҳим кўрсаткичлардан биридир, – дейди республика “Сифат” маркази Бухоро вилояти ҳудудий лабораторияси раҳбари Комил Музаффаров. – Вилоят пахта тозалаш корхоналарида бу борада салмоқли натижаларга эришилмоқда. Масалан, олий синфга мансуб тола чиқиши айни пайтда 99 фоизга етди. Бунда тизим заводларида капитал таъмирлаш, замонавий дастгоҳ ва ускуналарнинг ўрнатилгани қўл келмоқда. Лабораториямиз ва корхона мутахассислари билан ҳамкорликда пахта хомашёсининг қабул пунктларида сақланишидан тортиб давлат стандартлари талабларига қатъий амал қилиниши устидан назорат кучайтирилгани ҳам бу борада муҳим омил бўлаётир.
Бухоро пахта тозалаш корхоналарида тайёрланаётган толага жаҳон бозорида талаб тобора ортмоқда. Буни тайёрланаётган маҳсулотларнинг деярли 100 фоизи экспорт қилинаётганидан ҳам кўриш мумкин.