2022 йилнинг 14 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар марказида тармоқлар ва ҳудудлар саноат корхоналари иштирокида ўтказилаётган Республика тармоқлараро кооперация саноат ярмаркасининг биринчи кунги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Унда тармоқлар ва ҳудудлар саноат корхоналари қаторида “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарининг 300 га яқин маҳсулотлари намойиш қилинмоқда.

– Ярмарка иштирокчи корхоналар ва тармоқлар учун катта имконият яратади, – деди “Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбари Рустамбек Эшбеков. – Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳам фаол иштирок этмоқда. Саноат ярмаркасида “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарининг 300 га яқин маҳсулотлари намойиш қилинмоқда. Шу билан бирга, тизим корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, маҳсулот ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган товарлар (хомашё материаллар, бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмлар, электроаппаратлар) рўйхати ва намуналари шакллантирилиб, саноат ярмаркасида иштирок этувчи барча тармоқ корхоналарини яқиндан таништириш жараёнлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Республика тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси давомида импорт қилинадиган маҳсулотлар, уларга бўлган йиллик эҳтиёж, техник талаб ва кўрсаткичлари акс эттирилган тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА