English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноат хавфсизлиги инспекцияси назорати остидаги хавфли ишлаб чиқариш объектларида 10 дан зиёд бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинди
20:28 / 2021-05-25

Ҳозирда юртимиздаги хавфли ишлаб чиқариш объектларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларида етти миллиондан зиёд ходим фаолият юритмоқда.

Хусусан, кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси назоратида 1870 дан ортиқ хавфли ишлаб чиқариш объектлари бўлиб, уларда 2 миллион нафардан зиёд  ишчилар бор.

Бу ҳақида “Кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси фаолияти” мавзусидаги Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг матбуот анжуманида  алоҳида таъкидланди.

Сўнги икки йилда дунёда Covid-19 коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли вужудга келган карантин  чекловларига қарамасдан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, инспекция фаолиятида 50 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ва норматив техник ҳужжатлар асосида давлат назоратини юритмоқда.

Шу асосда жорий йил бошидан назорат остидаги корхона ва ташкилотларда  444 та давлат назорати ва 1150 та назорат-профилактика ишлари ўтказилди. 5931 та ҳолатда  саноат хавфсизлиги, кончилик ишларини ва ер ости бойликларидан бехатар фойдаланиш талаблари ва қоида бузилишлари аниқланди. Бу юзасидан корхона раҳбарларига тегишли далолатномалар  тақдим этилган.

Кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси назорати остидаги хавфли ишлаб чиқариш объектларида бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида ўндан ортиқ ҳолатда хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлар вақтинча тўхтатилиб, ишчилар бехатар жойга олиб чиқилган. Эҳтиёт чораларига қарамай инспекция назоратидаги корхона ва ташкилотларда 15 та бахтсиз ҳодиса юз берди. Беш ҳолатда оқибати ўлим билан тугаган.  

– Содир бўлган ушбу бахтсиз ҳодисалар сабаби таҳлил қилинганда энг аввало инсон омили, ундан кейин  техник сабаблар эканлиги аниқланди, – дейди Кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси бошлиғи ўринбосари Отабек Янгиев. – Яъни, хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлар тўғри ташкиллаштирилмагани, корхонанинг ишлаб чиқариш назорати бўлинмалари ва ишчиларнинг саноат хавфсизлиги соҳасида билим савиялари етарли даражада эмаслиги, технологик жараёнларда ишлаб чиқариш интизомининг пастлиги, иш бажарувчининг эҳтиётсизлиги ёки таваккалчиликка йўл қўйишидир. Шунингдек,  хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланаётган корхона раҳбарлари ва инженер-техник ходимлари тез-тез алмаштирилиб турилгани  ҳам сабаб бўлган.

Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатлар такрорланишига чек қўйишда Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрида имзоланган  “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.  Унга кўра, назорат-профилактик ишларига ва саноат хавфсизлиги талаблари тарғиботига алоҳида эътибор  берилмоқда.

Жорий йилда кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекциясига 950 та рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни бериш ва келишиш юзасидан аризалар келиб тушди. 914 тасига рухсатнома ва ижобий хулосалар расмийлаштирилди, 36 тасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар ва амалий ёрдам берилди.

Шунингдек, “Маҳаллабай” тизимини жорий қилиш бўйича Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Тошкент шаҳри “Янгиҳаёт” туманига бириктирилган. Шу боис ҳар бир хонадонга кириб, аҳоли билан учрашиб, мавжуд муаммоларни аниқлаш, “Темир дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, зарур ҳолларда моддий ёрдам кўрсатиш ва мазкур “дафтар”лардаги рўйхатини қисқартириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Матбуот  анжуманида ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга соҳа вакиллари жавоб беришди.

Сайёра Шоева, ЎзА