Сайхунобод туманида саноат тармоғини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш йўналишида кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада туман иқтисодиёти янгича суръат ва сифат босқичига кўтарилмоқда.
“Фаровон” кичик саноат зонаси бугунги кунда энг қувватли ва истиқболли инвестиция масканига айланмоқда. Ҳудудда 31 та йирик инвестиция лойиҳасида қурилиш ва монтаж ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ҳар бир лойиҳа — янги технология, янги маҳсулот ва янги имконият демакдир.

Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажоновнинг таъкидлашича, “Фаровон” саноат зонаси нафақат иқтисодий ўсишни таъминлайди, балки аҳоли учун минглаб янги иш ўринлари яратади ва маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришда асосий рол ўйнайди. Ҳокимнинг фикрига кўра, ҳар бир корхона туман иқтисодиётида янги босқични белгилайди, замонавий ишлаб чиқариш занжирлари ва экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.

Энг муҳими, 2026 йилнинг биринчи ярмида кичик саноат зонасида 15 та янги корхона ишга туширилиши режалаштирилган. Бу эса замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, янги технологиялар ва маҳаллий кадрлар салоҳиятининг янада ривожланишига хизмат қилади.


Сайхунободда амалга оширилаётган ҳар бир саноат лойиҳаси — Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган “маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш” сиёсатининг амалий ифодасидир.
Ғулом Примов, ўзА мухбири