Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Зилола Рўзиева иштирокида брифинг ташкил этилди.
Балиқчилик соҳасида ҳосилдорлик ҳажмини оширишда балиқларнинг генофондини янгилаб бориш ҳамда саноат усулида етиштирилувчи балиқлар турини кўпайтириш асосий вазифалардан бири саналади.
Қайд этилишича, камалак форель, тилларанг форель, стерлядь осётр, сёмга, лосось, клариев лаққаси, тиляпия, коя, вьетнам ва венгер карпи каби янги балиқ турларининг иқлимлаштирилиши натижасида саноат усулида етиштирилувчи балиқ турлари сони 4-5 тадан 15-20 тага етказилди.
Балиқчилик илмий-тадқиқот институтида маҳаллий балиқлар генофондини яхшилаш мақсадида Беларусь балиқчилик илмий-тадқиқот институти билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳамкорликка асосан институт хўжаликларидан 500 минг дона лохва тангали карп, 100 минг дона немис ялтироқ карпи, 50 минг дона оқ амур ва 50 минг дона чипор дўнгпешона наслли зот личинкалари олиб келиниб, алоҳида ҳовузларда ўстириш ишлари ташкил этилди. Шу билан бирга, институтда янгидан ташкил этилган ёпиқ сув айланма тизими қурилмаларида 500 дона осётр, 200 дона тиляпия ва 200 дона африка лаққаси генофонди яратилиб, ҳозирда иқлимлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, 15 дан ортиқ хўжаликда форель балиқлари етиштирилмоқда. Келгусида жаҳонда истеъмол аҳамияти юқори, экспортбоб бўлган, республикамиз иқлим шароитига ҳар томонлама мос янги балиқ турларини олиб келиш ва иқлимлаштириш ишлари давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА