Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноат тармоқларида ҳамкорликнинг истиқболи катта
15:59 / 2025-08-19

ОКМКда аср лойиҳаси дея эътироф этилаётган 3-Мис бойитиш фабрикасининг қурилиши натижасида янги саноат корхоналарининг барпо этилиши, янги қувватларнинг ишга тушиши учун асос бўлди. Бу эса қўшимча янги иш ўринлари яратилишига замин бўлди.

Фабрика қурилиши жараёнида Олмалиқ шаҳри ва қўшни туманларда бир қатор янги корхоналар бунёд этилди. Жумладан, ОКМК кўмагида шатакка олиш тизими асосида “Almalyk Quyuv Mexanika Zavodi” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, 2022 йилда Олмалиқ шаҳрида ташкил этилган ушбу корхона томонидан жорий йилнинг 7 ойи давомида 68 миллиард сўмлик қуйма маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 

Ушбу корхона бош муҳандиси Мақсуд Эшбоевнинг маълум қилишича, бу йил корхонада бир қатор импорт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Хусусан, корхонада комбинат конларида фойдаланиладиган ЭКГ-15 русумли экскаваторларнинг ковшлари учун олд девор қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мазкур эҳтиёт қисм маҳаллийлаштириш дастури асосида комбинат мутахассислари билан ҳамкорликда корхонада юқори легирланган пўлатдан қуйилиб, тайёрланмоқда. 

Ҳозирда корхонада 50 дан ортиқ кон техника воситаларига эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилаётган бўлса, 2025 йилда 20 турга яқин импорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Эътиборлиси, уларнинг ўндан ортиғи илгари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган. Масалан, бу йил 2БC-105 темир йўл думпкари учун шкворенли балка, насос ички корпуслар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар ОКМКга узлуксиз етказиб берилмоқда. Корхона раҳбари Ҳусейн Шириновнинг таъкидлашича, 2022 йилда ОКМК билан имзоланган меморандумга кўра, шатакка олиш тизими асосида корхона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, дастлаб ойига 5-10 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирда ишлаб чиқариш ҳажми деярли 7 бараварга оширилган. 

Мазкур корхона ташкил топган дастлабки йиллари комбинат кўмагида ишчи-ходимлар мутахассисликлар бўйича ўқитилиб, тайёрлаб берилди. Маҳаллийлаштириш дастури бўйича бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар импорт ўрнини босмоқда. Корхонага шу йили Кореядан келтирилган янги энергия тежамкор технологик ускуналар, термопечлар ишлаб чиқариш самарадорлиги таъминламоқда. 

– Айни пайтда корхонада хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараён самарали амалга оширилиб, унда 170 нафар ишчилар меҳнат қилади. Келгусида корхона фаолияти кенгайтирилиб, янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилиши режалаштирилган. Шу ўринда доимо бизни қўллаб-қувватлаб келаётган ОКМК раҳбариятига ҳам ташаккур, – дейди “Almalyk Quyuv Mexanika Zavodi” МЧЖ раҳбари Ҳусейн Ширинов. 

Маълумот учун “шатакка олиш тизими” конструкторлик ва технологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этиш, техник маслаҳат ва амалий кўмак бериш, шунингдек, биргаликда маҳсулотлар сифатини талаб даражагача етказиш кўринишида янги турдаги импорт товарларни ўзлаштириш бўйича тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи механизм ҳисобланади. 

А.Мусаев, ЎзА.