Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги йирик саноат корхоналаридан бири – “REALTEKS QORAKO‘L” МЧЖ маҳаллий хом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспортга йўналтириш бўйича катта қувватга эга. Бироқ, сўнгги йилларда корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари тўхтаб қолган эди. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида корхона негизида ижара асосида “KARAKUL SPINNING” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди.
Туман ҳокими Хуршид Тохиров янги корхона фаолияти билан яқиндан танишди. У ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб, ишчиларга яратилган меҳнат шароитлари ва имкониятлар ҳақида суҳбатлашди. Мулоқот чоғида уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, иш самарадорлигини ошириш ҳамда бандликни кенгайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.

Айни пайтда корхона ҳудуддаги хотин-қизларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Янги ишлаб чиқариш линиялари очилиши натижасида туман хотин-қизлари доимий иш ўринларига эга бўляпти. Бу эса нафақат уларнинг оилавий фаровонлигини таъминлаш, балки туман иқтисодиётида аёллар фаоллигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Шунингдек, туман ҳокими Хуршид Тохиров ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида туманда етакчи корхоналардан бири ҳисобланган “Сулаймон Файз” МЧЖда ҳам бўлди.
Корхона бугунги кунда юқори сифатли ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларни ички бозорга етказиб бериш ҳамда экспортга йўналтириш борасида самарали фаолият юритмоқда. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати бир кунда 90 тоннагача ун тайёрлаш имконини беради. Ишлаб чиқариш цехлари замонавий технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, бу маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширмоқда.
Туман ҳокими корхона фаолияти билан танишар экан, ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди ҳамда ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди. Мулоқот чоғида у меҳнаткашларга яратилган иш ва дам олиш шароитлари, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, бандликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Туман ҳокими саноат корхоналари фаолиятини ўрганишини “Хўжалар” кичик саноат зонасида жойлашган “Парвоз Файз Плус Барака” тикувчилик корхонасида давом эттирди.

Ҳоким меҳнат қилаётган чеварлар билан суҳбатлашди. У ерда хотин-қизларга яратилган қулай меҳнат шароитлари, иш жойларининг замонавий талабларга мослиги билан яқиндан танишди.

Корхонада 400 нафардан ортиқ иш ўрни яратилган бўлиб, цехлар замонавий тикувчилик ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган кийим-кечак маҳсулотлари нафақат ички бозор, балки хорижий давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.

– Бугун хотин-қизларнинг меҳнат бозорида фаол иштирок этиши, ўз даромад манбаига эга бўлиши, оилаларнинг фаровонлигини таъминлашда энг муҳим омиллардан биридир. Шунинг учун ҳам биз уларнинг бандлигини кенгайтириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва ҳар бир аёл ўз салоҳиятини намоён эта оладиган имкониятларни яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, –дейди Хуршид Тохиров.
Умуман олганда, ушбу лойиҳалар туманнинг иқтисодий барқарорлиги ва ижтимоий фаровонлигини таъминлаш, саноат салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро миқёсда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим ўрин эгаллайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.