Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноат соҳасида хавфсизлик тизимини янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда
11:39 / 2025-10-20

Юртимизда стратегик аҳамиятга эга корхоналарда хавфсиз ишлаш муҳитини яратиш ва барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Саноат соҳасида техноген ҳолатларнинг олдини олиш, хавфсизлик маданиятини ошириш ва меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида жойлашган “Uzbekistan GTL” МЧЖ ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ фаолиятида саноат хавфсизлиги ҳолатини ўрганди.

Ташриф доирасида дастлаб “Uzbekistan GTL” заводида ўтказилган тактик ўқув-машғулотлари кузатилди. Ушбу машғулотлар корхонада фавқулодда ҳолатлар вужудга келган тақдирда тезкор ҳаракат қилиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилиш ва масъул тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга йўналтирилгани билан аҳамиятли.

Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ бўлди. Бу ерда меҳмонларга ишлаб чиқариш майдонлари, технологик жараёнлар, хавфсизлик инфратузилмаси ва корхонада жорий этилган назорат тизими ҳақида маълумот берилди. Ташриф иштирокчилари мажмуада хавфсизликни таъминлашга қаратилган замонавий ёндашувлар, техник назорат усуллари ва меҳнат муҳофазаси бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шунингдек, улар корхонада ахборот хавфсизлиги ва кибермуҳофаза йўналишида амалга оширилаётган ишлар, рақамли бошқарув тизимлари ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотларни ҳам кўздан кечирди. Модернизация қилинган автоматик бошқарув тизими ва халқаро стандартларга мос замонавий лаборатория фаолияти ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида намоён этилди.

Ташриф якунида ишчи гуруҳ саноат хавфсизлиги тизимини янада мустаҳкамлаш, хавф омилларини камайтириш ва самарали назорат механизмларини жорий этиш бўйича тавсиялар берди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА