Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноат корхонасининг яна бир босқичи ишга тушди
13:40 / 2022-04-02

Қарши шаҳридаги “Sulton Tex Group” масъулияти чекланган жамияти корхонасининг аралаш ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳасининг иккинчи босқичи ишга тушди.

Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда вилоятда етиштирилган пахтани ҳудуднинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолатига келтириш, бу жараённи қамраб олувчи текстиль корхоналарини ташкил этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, ўтган йиллар давомида етиштирилган пахта хомашёсининг 53 фоизи ёки 72,6 минг тоннаси вилоятнинг ўзида қайта ишланган бўлса, 2022 йил якуни билан бу кўрсаткич 100 фоизга етказилади. Яратиб берилаётган имкониятлар эвазига, вилоятда фаолият кўрсатаётган пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2021-2022 йилларда қиймати 5,2 триллион сўм бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилади.

– Бу лойиҳалар амалга оширилишининг яна бир муҳим томони аҳоли бандлиги таъминланиб, янги иш ўринлари яратилади. Германия, Италия, Швейцария, Япониядан олиб келинган, энг сўнгги русумдаги, замонавий технологияларни ўзимизнинг фарзандларимиз, қашқадарёлик қорақош, қоракўз йигит-қизларимиз бошқармоқда, – деди тадбирда иштирок этган Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Муротжон Азимов.  

Маълумки, 2017 йил декабрь ойида 17 миллион доллар инвестиция маблағларини ўзлаштириш ҳисобига йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳасининг дастлабки биринчи босқичи ишга туширилган эди. Иккинчи босқичда эса Қарши шаҳрининг “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилиш ва монтаж ишлари олиб борилди. Ушбу босқичда корхонада қиймати 19 миллион доллар бўлган инвестиция маблағлари ўзлаштирилади. Қўшимча 8,7 минг тонна аралаш ип-калава ишлаб чиқариш имкони яратилиб, корхонанинг ип-калава қуввати 15,7 минг тоннага етказилади.

Қўшимча 350 та янги иш ўрни яратилиб, корхонада доимий иш билан таъминланганларнинг сони 600 нафарга етади. Иш билан таъминланганларнинг аксарият қисмини “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ташкил этади.

Корхонада қўшимча қувватнинг ишга тушиши билан вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳам сезиларли даражада ошади ва йилига ўртача 20 миллион доллар миқдорида экспорт амалга ошириш имкони пайдо бўлади. Айни кунда дунёнинг ривожланган мамлакатлари Туркия, Россия, Хитой, Миср давлатлари билан шартномалар тузилган.

[gallery-6436]

Ўлмас Баротов,Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбири