Ижтимоий тармоқларда “Фарғонада саноат корхоналаридан газ узиб қўйилиши натижасида 10 минглаб аҳоли ишсиз қолмоқда, улар газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишмоқда” сарлавҳали мурожаатга “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қўшимча ахборот берди.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво кескин пасайиши натижасида аҳолининг табиий газга бўлган талаби ошиб бормоқда. Албатта, бундай ҳолатда биринчи навбатда ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт муассасаларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида саноат корхоналари жумладан, цемент заводлари ҳам вақтинча таъминотдан узилади.
Мамлакатимизда жами 35 та цемент заводи мавжуд бўлиб, уларнинг 20 таси муқобил энергия, яъни кўмирда фаолият кўрсатади. Айни кунда 15 та цемент заводи газ тақчиллиги туфайли ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатган. Шунингдек, бу вақтинчалик чоралар доирасида барча ғишт, оҳак ва бошқа саноат корхоналари ҳам вақтинча ўз фаолиятларини амалга оширмаяпти. Муқобил энергияда ишлаб чиқаришни ташкил этган корхоналарда узилишлар кузатилмаяпти.
Ҳозирда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан саноат корхоналарини альтернатив энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда фаолият олиб бориши бўйича ўрганишлар амалга оширилмоқда.
ЎзА