Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноат корхоналарида экологик назорат кучайтирилмоқда
12:26 / 2025-11-29

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг маълум қилишича, мамлакатимиз қурилиш материаллари саноатида амалга оширилаётган экологик мониторинг ишлари тизимли ташкил этилмоқда.

Унинг таъкидлашича, экологик назоратни кучайтириш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида сўнгги йилларда қатор ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан, Президентнинг 2023 йил 31 майдаги фармонига мувофиқ, хавфлилик даражаси I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналари белгиланган муддатларда атмосфера ифлослантирувчи манбаларни кузатиб боришга хизмат қилувчи автоматик ўлчаш станцияларини ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатиши шарт этиб белгиланган.

Шунингдек, 2025 йил 29 октябрда қабул қилинган Президент қарорига биноан 2026 йил 1 мартгача барча тегишли корхоналар ўз ҳудудларида фон мониторинг станцияларини жойлаштириб, уларни Экология қўмитасининг Экологик мониторинг миллий маркази билан бирлаштириши лозим. Бу талабларга амал қилмаган корхоналарга нисбатан 2026 йил 1 мартдан бошлаб компенсация тўловлари беш баравар кўпайган ҳолда қўлланилиши белгиланган.

– Ҳозирги вақтда соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш учун комплекс ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, I тоифадаги йирик корхоналарда автоматик мониторинг ускуналарини ўрнатиш жараёни доимий равишда кузатиб борилмоқда. Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарда фильтр тизимларини янгилаш, чиқиндиларни камайтирадиган технологияларни жорий этиш бўйича намунали ишлар бажарилмоқда.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда уюшма ҳамкорлигида 42 та тўлиқ циклли цемент корхоналарининг 23 тасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 24 мингдан ортиқ фильтр ёнгичлари ва қарийб 2 минг мембрана клапанлари алмаштирилди.

Айни ҳолатда 9 та цемент заводида автоматик кузатув станциялари иш фаолиятини бошлаган. Тошкент вилоятидаги “Оҳангаронцемент” АЖ ҳамда Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Жиззах цемент плент” МЧЖ ҳудудларида эса стационар кузатув пунктлари ташкил этилган, – деди Ж.Шерметов. 

Таъкидлаш керакки, экологик барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг яна бир йўналиши корхоналар атрофида “яшил белбоғ”ларни барпо этишдир. 2025 йил куз мавсумида 28 та йирик саноат корхонасига туташ жами 21 гектар майдонда 97 минг 90 туп дарахт кўчатлари экилиб, ҳавога чиқадиган зарарли моддалар таъсирини камайтиришга хизмат қилувчи муҳим экологик ҳудудлар яратилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА