Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш занжирларига кичик ва ўрта бизнес субъектларини жалб қилиш ва маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Саноат кооперациясини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
а) Дастурлар доирасида:
тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари орқали хорижий валютада йиллик 6 фоиз (жумладан, банк маржаси - 2 фоиз), миллий валютада йиллик 12 фоиз (жумладан, банк маржаси - 2 фоиз) ставкада 10 йил муддатгача, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан битта лойиҳа учун 10 миллион АҚШ долларигача кредит маблағлари ажратилади;
янги турдаги юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳамда айланма маблағларни тўлдиришга тижорат банклари орқали хорижий валютада йиллик 6 фоиз (жумладан, банк маржаси - 2 фоиз), миллий валютада йиллик 12 фоиз (жумладан, банк маржаси - 2 фоиз) ставкада 1 йилгача муддатга битта лойиҳа учун 2 миллион АҚШ долларигача кредит маблағлари ажратилади;
б) тадбиркорлик субъектларининг хорижий ҳуқуқ эгаларидан ишлаб чиқариш технологиялари трансфери, бренд, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш билан боғлиқ харажатларининг 30 фоизигача, бироқ 1 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратилади;
в) саноат стартаплари - янги турдаги юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 10 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга танлов асосида субсидиялар ажратилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида давлат харидларида харид предметини технологик занжирлар, функционал босқичлар ва иш турлари кесимида алоҳида лотларга бўлиш амалиёти жорий этилади.
Бунда:
харид предметини битта лотга бирлаштириш фақат иқтисодий самарадорлик, технологик узвийлик ёки эксплуатация хавфсизлиги билан боғлиқ асослар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади;
мазкур тартиб маҳаллий ва хорижий иштирокчиларга тенг ва очиқ шартларда қўлланилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб воситачи-брокер ва (ёки) дилерларга ишлаб чиқарувчилар билан шартнома тузиш орқали улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни давлат харидларида сотиш ҳуқуқи берилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб, бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида маҳаллий хизмат (иш)ларга нисбатан таклиф этилган энг паст импорт хизмат (иш)лар нархидан 15 фоиз миқдорида преференция қўлланилади.
ЎзА