Саноат ҳажми Китобда 19 фоизга, Қўшработда 10 фоизга ўсган, бироқ 34 та туман ва шаҳарда ўтган йилга нисбатан пасайган
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида мавжуд конларни ўзлаштириб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига саноат ҳажми Китобда 19 фоизга, Қўшработда 10 фоизга ўсгани маълум қилинди.
Умуман, йил бошидан республика бўйича 2 мингта янги саноат лойиҳаси ишга туширилиб, йил якунигача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилди.
Мисол учун, “Пистали” олтин конида янги металлургия заводини муддатидан олдин ишга тушириш ҳисобига шу йил қўшимча 840 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Заводдаги қарийб 50 миллион долларлик ускуналар саноат кооперацияси асосида ўзимизда ишлаб чиқарилган. Бу ҳам саноат ҳажмини оширишга қўшимча туртки бўлди.
Шу билан бирга, 34 та туман ва шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан пасайган. Айрим тармоқларда, шу жумладан, фармацевтика, чарм-пойабзал, тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиш суръати секинлашган.
ЎзА