Саноат — мамлакат миллий иқтисодиётининг энг муҳим, маҳсулот ишлаб чиқариш соҳасидаги асосий тармоқларидан биридир. Унинг ривожланиши миллий иқтисодиётнинг барқарор суръатларда тараққий этишига хизмат қилади. Мустақиллик йилларида ушбу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, қатор ижобий натижаларга эришилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамкорлигида «Мустақилликнинг 31 йиллиги: саноат соҳасида эришилган ютуқлар» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида истиқлол йилларида саноат соҳасида эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилди.

— Саноат соҳаси барча иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга хизмат қилади, — деди қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Зайниев. — Шу боис ушбу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, юқори технологияли заводлар, технопарклар, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди. Аҳоли фаровонлиги, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилаяпти. Саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида янги, давлат-хусусий шерикчилик тизими яратилиши, геология ва базавий тармоқларнинг мутлақо янги самарали механизмлари ишлаб чиқилиши ҳам мустақиллик, айниқса, охирги беш-олти йилда Президентимиз раҳбарлигида соҳада олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасидир, — деди депутат.

Тадбирда саноат соҳасида эришилган ютуқ ва натижалар хусусида сўз борар экан, Навоий вилоятида илк бор қуёш энергияси асосида ишлайдиган электр станцияси ишга тушгани, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қисқа вақтда гигант корхона –– синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарадиган “Uzbekistan GTL” заводи қад ростлагани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Мазкур амалий натижалар кўплаб мутахассисларнинг юқори даромад ва доимий иш ўрнига эга бўлишига замин бўлаётгани эътироф этилди.
Шунингдек, тадбирда саноат соҳасини ривожлантиришга оид ҳуқуқий асослар борасида ҳам маълумотлар берилди. Жумладан, «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Транспорт тўғрисида»ги, «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги ҳамда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар соҳа ривожига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА