Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санкт-Петербург политехника университети делегацияси СамДУда...
07:25 / 2023-04-05

Самарқанд давлат университетида Санкт-Петербург политехника университети ректори Андрей Рудской бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар узоқ муддатли ҳамкорлик масаласини батафсил муҳокама қилишди. Хусусан, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, техника ва технология соҳалари учун муҳандис кадрлар тайёрлаш бўйича шерикликни кенгайтириш, талаба ва магистрлар учун ёзги мактаб дастурлари ташкил этиш, шунингдек, муҳандислик физикаси йўналишида илмий иш олиб бораётган тадқиқотчиларга Санкт-Петербург политехника университети олимларидан илмий раҳбар тайинлаш каби қатор амалий таклифлар илгари сурилди. 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик шартномаси ва тегишли йўл харитаси имзоланди.

- Илм-фан соҳасидаги ҳар қандай ҳамкорлик замирида эзгу мақсад ётади, - дейди СамДУ ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов. Бугунги жадал ривожланаётган давр техника, табиий фанлар, рақамли технология каби муҳим соҳаларни ривожлантириш долзарб эканини кўрсатяпти. Бизнинг олий ўқув юртимизда фундаментал фанлар бўйича тадқиқот олиб бориш учун етарли имконият, илмий салоҳият мавжуд. Шу билан бирга техника, рақамли иқтисодиёт, муҳандислик физикаси каби йўналишларда халқаро миқёсда тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Санкт-Петербург политехника университети билан ҳамкорлик илм-фан орқали барқарор ривожланиш учун асос бўла олади.

Университет ҳузуридаги Муҳандислик физикаси институтида “Ўзбекистонда политехника” кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, СамДУ ва Санкт-Петербург политехника университети ҳамкорлигида ташкил этилган илмий-ўқув технологик марказнинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Кўргазма иштирокчилари “LabVIEW” тизими ёрдамида ўлчовни автоматлаштириш” виртуал лабораторияси ҳамда “KAWASAKI” робот қўлини масофадан бошқариш жараёнини кузатиб, 3D усулда босиб чиқариш жараёни бўйича амалий машғулотда қатнашдилар.

– Самарқанд ва Санкт-Петербург шаҳарлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқа, илм-фан, маданият ва санъат соҳаларидаги барқарор ҳамкорлик чуқур тарихий илдизга эга, – деди А.Рудской. – Илм-фан йўлидаги муносабатга ҳеч қандай чегара ва масофа таъсир қилмаслигини тарихнинг ўзи исботлаган. Бугунги тарихий санада дўстона муносабатимизнинг янги даври бошланмоқда. Икки университет ҳамкорлигида ташкил этилган илмий-ўқув технологик маркази ўзаро дўстликнинг амалий ифодасидир. Самарқанд давлат университети ўзининг юқори илмий салоҳияти, барқарор ривожланиш стратегияси билан дунёда алоҳида нуфузга эга. Бугунги ташриф давомида икки томон учун ҳам бирдай манфаатли масалалар юзасидан гаплашиб олдик. Ишончим комилки, мазкур келишувлар етук, салоҳиятли муҳандис кадрлар тайёрлаш сари қўйилган муҳим қадам бўлади.

Санкт-Петербург политехника университети муҳандислик мактаби томонидан корпоратив бошқарув, инсон ресурсларини стратегик бошқариш, илғор материалларни қайта ишлаш технологияси, сув ўтлари амалий биотехнологияси каби йўналишларда ташкил этилган ўқув дастурида қатнашган бир гуруҳ тадқиқотчи, талаба ва ўқитувчиларга тегишли гувоҳнома ва сертификатлар топширилди.

- Охирги 2 йил ичида кафедрамизнинг Санкт-Петербург политехника университети билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, дейди Генетика ва биотехнология кафедраси мудири Гавҳар Душанова. Ҳозир ўсимликлар ва тиббиёт биотехнологияси, биофизика, нано биотехнология йўналишларида бир неча магистримиз Санкт-Петербургга таҳсил олиш баробарида муҳим мавзуларда тадқиқот олиб бормоқда. Жорий йил март ойида амалий биотехнология, сув ўтлари биотехнологияси ва бу ўсимлик таркибидаги фаол моддаларни лаборатория таҳлили усулида ўрганиш йўналишида 6 талаба ва 7 нафар магистримиз Санкт-Петербург политехника университети томонидан ташкил қилинган махсус ўқув дастурида иштирок этди. Олий таълим даргоҳлари ўртасидаги бундай алоқа икки томон учун ҳам муҳим. Университет масъуллари билан кечган учрашувларда кафедра докторантларини стажировкага юбориш бўйича муҳим масалаларни келишиб олдик.

Ирода БЕКМУРОДОВА,

СамДУ ахборот хизмати ходими,

Шавкат АКРАМОВ (сурат)