Жорий йилнинг июль ойида Президент фармони ҳамда қарори билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилди.
Унинг асосий вазифалари, келгусида эътибор қаратиладиган йўналишлар белгилаб берилган эди. Шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммоли масалалар ечилди ва хизматнинг ваколат ҳамда вазифалари кенгайтирилди.
Жумладан, санитария-эпидемиология хизмати соҳаси амалиётига илмий кадрларни жалб қилиш мақсадида, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, фаолият юритаётган фан номзоди ва фан доктори илмий унвони бўлган ходимлар ойлик маошига қўшимча Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 30 ва 60 фоизлик базавий молиялаштириш йўлга қўйилди.
Республикадаги мавжуд тиббиёт олийгоҳларининг 7 тасида тиббий-профилактика факультетлари ташкил этилди ва талабаларни қабул қилиш ҳамда ўқитиш йўлга қўйилди. Кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ихтисосликдан ўтказиш бўйича амалдаги дастурлар замон талаблари ва халқаро тажрибага мослаштирилди.
Санитария-эпидемиология хизмати тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтлари молиялаштирилиши Давлат бюджети ҳисобига ўтказилди.
Сўнгги бир йил давомида Европа ва Жаҳон савдо ташкилотлари ва халқаро талаблардан келиб чиқиб, таълим, қурилиш, озиқ-овқат ва бошқа соҳалар бўйича 30 дан ортиқ санитария қоида ва меъёрлари янги таҳрирда қабул қилинди ва халқаро андозаларга мослаштирилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизматининг таъкидлашича, халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш орқали ижобий натижаларга эришилмоқда. Соҳага халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг инвестицияларини жалб этилиши бўйича муайян тадбирлар амалга оширилмоқда.
Соҳа ривожи учун 5 та инвестиция лойиҳалари доирасида жами 243,44 миллион доллар маблағ йўналтирилган. Бугунги кунгача 37,85 миллион доллар ўзлаштирилган.
Хизмат қошида Миллий референс лабораторияси ишга туширилди ва ҳозирги кунда мазкур лаборатория мажмуасини халқаро аккредитациядан ўтказиш жараёнлари якунига етказилмоқда. Бу мақомни олиш орқали мазкур лабораторияда ўтказилган таҳлиллар халқаро даражада тан олинади.
Бугунги кунга қадар, COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирлари учун жами 49 миллион дозадан ортиқ 7 турдаги вакциналар келтирилди ва икки хил вакцинанинг маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Сўнгги 5 йилда аҳолининг эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида ўтказилган профилактик, эпидемияга қарши ҳамда мақсадли эмлаш тадбирлар натижасида, айрим касалликлар тугатилди, кўплаб касалликлар динамикасида кескин пасайиш кузатилди.
2021 йилда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш учун 199 миллиард сўм ажратилди, 2016 йилда ажратилган маблағларга нисбатан 10 бараварга ортди ва эмлаш қамрови 98 фоизга етказилди. Натижада 2017 йилда қизамиқ ва қизилча касаллиги, 2018 йилда безгак касаллиги тугатилганлиги тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сертификатлари олинди. Ўлат, вабо, шол, бўғма, қоқшол касалликлари умуман қайд этилмади.
Республикамиз 2025 йилга қадар “ОИВ инфекциясининг онадан болага юқиши элиминация қилинганлиги” бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус сертификатини олиши кутилмоқда.
Амалга оширилган ишлар билан бирга, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича ҳали ҳам муаммолар мавжуд. Буни моддий-техник база, лаборатория таъминотида кузатиш мумкин.
Соҳада кузатилаётган муаммоларни бартараф этиш, фаолият самарадорлигини ошириш, пировардида аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлигини таъминлаш бўйича бир қатор истиқболли режалар мавжуд. Жумладан, коронавирус бўйича вазият барқарорлашмас экан, жамоавий иммунитетни шакллантириш ва эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида эмлаш тадбирлари давом эттирилади.
Вакциналарни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш жараёнларини жадаллаштириш кун талабига айланди. Мазкур масалада дунё тажрибасидан келиб чиқиб, фаолият такомиллаштирилиб борилади. Санитария-эпидемиология хизматининг моддий-техника базасини яхшилашга халқаро молия институтлариинг 165 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари жалб қилинади.
Ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида зарур бўладиган санитария қоида ва меъёрлар халқаро андозаларга мослаштирилади. Назорат олиб боришда хавфни таҳлил қилиш механизмини жорий қилишнинг ягона электрон базаси яратилиб, “Электрон ҳукумат” тизимига уланади.
Ягона электрон базанинг яратилиши тадбиркорлик субъектлари санитария қоидалари ва нормаларига мослиги бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси берилиб, тоифаларига ажратилиши таъминланади ва назорат олиб бориш хавфни таҳлил қилиш механизми бўйича талабларга жавоб бермайдиган объектлардагина текшириш ўтказиш тизими жорий этилади ва қолганлари текширилмайди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА