Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги: Ўзбекистонда 1 225 та намуна коронавирус инфекцияси бўйича текширилди
09:35 / 2020-02-26

25 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 25 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, дунё бўйича 80 147 нафар, Хитой Халқ Республикасида 77 779 нафар шахс коронавирус “COVID-19” инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 517 нафарни (0.7%) ташкил этмоқда.

Касалланганларнинг 9 126 нафари оғир аҳволда бўлиб, 2 666 нафари ушбу касалликдан вафот этган. Касаллик Хитой Халқ Республикасидан ташқари дунёнинг 36 та давлатида 2368 нафар фуқарода қайд этилиб, 29 нафар фуқаро вафот этган. Жанубий Корея давлатида 977 нафар фуқаро коронавирус “COVID-19” инфекцияси билан касалланиб, улардан 10 нафари вафот этган. Италия давлатида 230 та касалланиш ҳолати рўйхатга олиниб, улардан 7 нафари вафот этган. Эрон Ислом Республикасида 61 нафар фуқаро касаллик билан касалланиб, 12 нафари вафот этган. Афғонистон Ислом Республикасида 1 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Маълумот учун. Жорий йилнинг 24 февраль куни Тошкент халқаро аэропортига хорижий давлатлардан 32 та рейс орқали 4 430 нафар, темир йўллар орқали 3 та поездда жами 603 нафар шахс, шунингдек, давлат чегара божхона постлари орқали 1 815 та автотранспортларнинг эгалари ва 31 324 нафар йўловчи шахс термометриядан ўтказилган, шулардан 35 нафари Хитой Халқ Республикаси фуқаролари ҳамда 4 нафари Хитойда бўлиб қайтаётган Ўзбекистон фуқаролари.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан жорий йилнинг 25 февраль кунига қадар жами 
1 225 та намуна коронавирус инфекцияси бўйича текширилди ва коронавирус инфекцияси аниқланмади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 25 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади.

Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфексияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда мутасадди вазирликлар, идоралар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.

Ушбу касаллик республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан назоратга олинган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги
коронавирус инфексиясига қарши марказий штаби