Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санги оина Бобур тақдирини башорат қилганми?
15:57 / 2024-02-14

14 февраль –Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқима масаласи тарих фанининг ўрганиш объекти бўлса-да, ушбу масалани адабий манбалар ва халқ оғзаки ижоди мисолида ҳам ўрганиш муаммонинг ҳар томонлама ёритилишига имкон яратади. Шу боис, кейинги йилларда ўзбек адабиётшунослигида ҳам тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқимага доир айрим ишлар майдонга келди.  

“Олтин бешик” ва “Санги оина” ривоятлари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Фарғона вилояти Сўх туманида бир йил муддат давомида кечирган ҳаёти ва саргардонлиги билан алоқадор бўлиб, булар ўз вақтида нафақат шоҳ ва шоир ҳаётида, балки Қўқон хонлиги тарихида ҳам муҳим сиёсий аҳамият касб этган.

Маълумки, Бобурнинг умри жангу жадалларда ўтган. 12 ёшида Андижонда тахтга ўтириб, токи Ҳиндистонни тўла забт этгунга қадар босиб ўтган ҳаёт йўлига назар солинса, бир сўз билан буни ҳаловатсиз умр дейиш мумкин. Аммо шу беҳаловат умри орасидан биз унинг ҳаётга нақадар ошиқлиги, тирикликнинг барча ҳодисотлари юрагида, руҳида ўрнашиб қолганлигини кўрамиз ва у мислсиз ақл-заковат, илоҳий завқ ва покиза ҳиссиёт эгаси эканлигини сезиб турамиз.

Умуман, «Бобурнома» асарини ўқир эканмиз, унинг қанчалик тарихий қимматга эга эканлигини баҳолашга ақл ожизлик қилади. Чунки асарда аниқ саналар, жой ва одамлар, табиат мўъжизалари – ҳайвонот ва наботот сирлари битилганки, бу асарни битишнинг ўзи муаллифнинг катта сабр-тоқат соҳиби эканлигини кўрсатиб туради. Шу билан бирга, эътибор берилса, асарда Бобур руҳининг нақадар пок, зеҳни юксак даражада ўткир эканлиги намоён бўлади. Масалан, мавзуга доир бир мисол келтирамиз: «Исфаранинг бир шаръисида жануб сори пушталарнинг орасида бир парча тош тушубдур. «Санги оина» дерлар, узунлиги тахминан ўн қарич бўлғай, баландлиги баъзи ери киши бўйи, баъзи ери кишининг белича бўлғай, ойинадек ҳар нима мунъакис бўлур» [2, 7-бет] таърифида тўғридан-тўғри жангу жадаллар билан кетаётган Бобурда тошга нисбатан саркарда синчковлиги акс этса, тошнинг жойлашуви таърифи орқали унинг жуғрофия илмидан хабардор эканлиги намоён бўлади.

Бобур Фарғонада Шайбонийхондан енгилгач, бир мунча вақт тожу тахтдан маҳрум бўлиб, Сўх ва Ҳушёр (тоғлар орасида жойлашган Қирғизистон билан чегарадош ҳозирги Сўх қишлоқларидан бири) тоғларида кун кечиришининг боиси Сўх, айниқса, Ҳушёр душмандан ҳимояланиш учун стратегик жиҳатдан қулай жой ҳисобланади. Бу ҳақда географ олим Х.Ҳасанов қуйидагича фикр билдиради: «Бобур Самарқанд–Қарши орқали Ҳисорга юриши мумкин бўлмаган, чунки Шайбонийхон йўлини тўсиб қўйган. Самарканд–Зарафшон водийси орқали юриши ҳам хавфли бўлган. Бу ерларда Шайбонийхон тарафдорлари ҳукмронлик қилган. Мирзо Бобур Фарғона водийсидан охирги марта кетганида баланд тоғлар (Олой ва Қоратегин)дан ошиб, Мастчоҳ қишлоғидан Гарм ва Обигарм орқали Ҳисор водийсига тушган бўлиши мумкин». Чунончи, Архиён яқинидаги мағлубиятдан сўнг Мирзо Бобурга фақат Сўх томон орқалигина Фарғонани тарк этиш чораси қолган эди. 1871 йил Қўқон хонлигига ташриф буюрган рус олими А.П.Федченко ҳам Сўх қишлоқларида бўлиб, бу ерларнинг ҳар томонлама хавф-хатардан холи жой эканлигини кўргач, қуйидагиларни келтириб ўтади: “Мен Қўқонда бўлган вақтим Сўхда хон томонидан қўрғон қурилганлигини айтишди. Шу қўрғонлардан бири ҳақида эшитганим шу бўлдики, қўрғон одам чиқиб бўлмас баланд қоя устида бино қилинган экан... Яна шуни маълум қиламанки, Сўхнинг юқори қисми деярли ҳар томонлама тоғлар билан ўралган бўлиб, Чичиқтов тарафдан юриш жуда хавфли. У ҳам бўлса, Сўхнинг қуйи томонига олиб борувчи йўлдир. Шавкатли Бобур ҳам тожу тахтдан маҳрум бўлган кезлар Сўх тоғи ва Ҳушёр ҳудудида бир йилга яқин яшириниб юрган экан”. А.П.Федченконинг ушбу маълумотидан шу нарса маълум бўладики, Мирзо Бобур бу ерларни яшаш учун бежизга танламаган эди. Бинобарин, Сўхнинг юқори қисми ва Ҳушёр қишлоғи душман таъқибидан беркиниш учун жуда қулай жой эди. Қолаверса, Сўхда кун кечиришнинг ҳам ўзига хос томонлари мавжуд: овланадиган жонзотлар кўп, сувлари мазали, ҳавоси тоза... Шу билан бирга, жуда кам эҳтимол билан Бобур  “ҳар нима”нинг аксини кўрсатадиган Санги оина, яъни ойна тошда ўз келажаги ва тақдирини кўриш учун борган, деб айтиш мумкин. Лекин тарихий манбалар Бобур сўхликлар билан яшаётган вақт Сўхнинг Тул қишлоғида Санги оина деб аталувчи тошга дуч келганлиги, бу тош келажакдан башорат берувчи тош бўлганлиги учун ҳам у ўзининг келажагидан хабар топганлиги ҳамда унда яна тожу тахтга умид уйгонгач, қўшин тўплаб Қобулга юриш қилганлиги ва у ердан Ҳиндистонни забт этганлиги таъкидланади.  

Дарҳақиқат, Сўх маҳаллий аҳолиси муқаддас деб билган, юрт бошига фалокат келганида ёки мусибат одамларни тарк этмай қўйган пайтлари мадад сўраб илтижо қилган, муҳими, “ҳар нима”нинг акси кўринган мўъжизавий тош – “Санги оина” Бобур ҳаёти ва тақдирида бурилиш ясалишига сабаб бўлган. Тошнинг сирларидан яна бири шу эдики, бемор келиб тошга суйкалса, дарддан фориғ бўлган. Ҳатто ҳайвонларнинг ҳам бирор жойи шикаст етса, шу тошга келиб тузалар экан. Шунинг учун ҳам сўхликлар уни “сирли тош” деб ҳам аташган. Тошнинг яна бир сирли томони шунда эканки, унда фақат пок инсонларгина ўз аксини кўра олган. Бобур Мирзо ҳам тушида ва маҳаллий аҳолидан эшитган Санги оинанинг олдига келиб, унга назар солган дам унда тожу тахтдан шоҳона либослар билан ўтирган сурати намоён бўлибди. Шундан сўнг Мирзо Бобур Тангрига беҳисоб шукроналар айтиб, ортга қайтибди ва шу зайлда Қобул сари равона бўлиб, яна ҳукмдорликни қўлга киритибди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, тарихда Султон Бобур билан боғлик яна бир неча тошлар мавжуд бўлиб, бу тошлар ҳам Бобур Мирзо умрини саргардонликдан кечган даври ҳакида ҳикоя қилади. Яъни 1501 йили Бобур Мирзо узоқ давом этган қамалдан сўнг Самарқандни ташлаб чиққач, бир неча ой мобайнида сарсон-саргардонликда умр кечирган. Ўша кезлар у Мастчоҳ қишлоғидаги қайроқтошга шеърий мисраларни ўйиб ёздирган эди. Бобур Мирзога тегишли мазкур қайроқтошни кейинчалик 1953 йилда Аҳрор Мухторов маҳаллий аҳолининг ёрдамида излаб топишга муяссар бўлди. Тошнинг ҳажми 51х45х16 см бўлиб, силлиқланган юзаси 20х30 см ни ташкил қилган. Тошда чиндан ҳам Бобур Мирзо тарафидан ўйиб ёздирилган шеър ва унинг тагида «хатни ёзди Бобур, хижрий 917» деган ёзув ҳам туширилган эди. Ҳозир эса мазкур тош Тожикистон давлат археология музейида сақланмокда.

Таниқли олим С.Кораевнинг келтиришича, Мастчонинг Овчи ва Янгиариқ қишлоқлари орасидаги дарада «Бобурхон тахти» деган бошқа бир катта ясси тош ҳам бор. Ривоятга кўра, Бобур Мирзо шу ерда тўхтаб ўтаётганида ана шу тошда ўтириб дам олган экан. Ўшандан буён ушбу тош муқаддас тошга айланган.

Бобур Мирзонинг Мастчоҳда тошга битган байтлари Сўхдаги у билан боғлиқ афсонанинг ҳакикатга яқин эканлигини исботлаётгандай туюлади. Темурийлар салтанатининг пойтахти Самарқандни олиб, сўнгра уни бой бериб, дунё неъматларидан воз кечиб, тоғлар ичида ҳаёт кечириш Бобур Мирзога хос хусусият эди. Аммо унинг метин иродаси ҳар қандай оғир шароитда ҳам, инсон боласи дош бера олмайдиган фожеалар суронида ҳам, шавкатли саркардага панд бермади. Халқимизда «Афсонанинг замирида ҳакикат ётади» деган нақл бор. Назаримизда, Сўхдаги Санги оина билан боғлик афсоналарнинг замирида чин ҳақиқат яширингандек. Бинобарин, бир неча асрлар ўтган бўлишига қарамай, маҳаллий аҳоли ўртасида Бобур Мирзо билан боғлиқ афсонанинг сақланиб қолганлиги биздан афсоналарга ҳар доим атрофлича ёндашишимиз зарурлигини талаб килади: “Санги оина” афсонами, ҳақиқатми? Яна шу саволни берган ҳолда, қуйидаги хулосага келиш мумкин бўлади: бу муқаддас заминда яшаб ўтган улуғ зотлар тўғрисида сўз юритганимизда, биз улар тўғрисида кўплаб афсона ва ривоятларга дуч келамиз. Афсуски, бу афсоналарни баъзи бировлар қуруқ уйдирма гаплардек қабул қиладилар ва бошқаларни ҳам бу афсоналарга ишонмасликка ундайдилар. Аммо, айтганларидек, афсона ҳар қандай далилдан ҳам тарихийроқдир.  

Тарихчи Ў.Сўфиевнинг қайд этишича, Деҳвайрон ва Суратии Тул тоғларидан топилган тошга битилган суратлар бу ерда одамлар жуда қадимдан, яъни Тош асри (палеолит, сезолит ва неолит)дан бошлаб яшаганлигидан далолат беради.  

Қуръони каримда «У жой (жаннат)да кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган барча нарсалар бордир» дейилганидек, дарҳақиқат, Сўх ўзининг қадимийлиги билан тарихчиларни, стратегик қулайлиги билан шоҳларни, антикувар наботот ва ҳайвонот олами билан биологларни, жаннатмонандлиги билан эса шоирларни ўзига мафтун этиб келганлигини қуйидаги шеърий мисралар билан ҳам тасдиқлаш мумкин:

Ҳазрати Алининг қадами етган

Қаҳқаҳа овози оламни тутган,

Ровийлар тарихга Сўх дебон битган,

Маҳмуд Ғазнавийнинг қалбин ром этган,

Бобур Мирзо кўнгил узолмай кетган,

Исминг юрагимда ловуллаган чуғ,

Муқаддас тупроғим жаннатмонанд Сўх.

(Иқбол Мирзо. “Жаннатмонанд Сўх” мадҳияси)    

"Бобурнома"нинг дастлабки саҳифалари 1494 йил воқеалари Фарғона вилоятининг тасвири билан бошланади. Муаллиф Исфара вилояти ҳақида сўз юритар экан, Мовароуннаҳрнинг Шайбонийхон томонидан эгалланиши тарихига тўхталади: "Муҳаммад Шайбонийхон Султон Маҳмудхон била Олачахонға шикаст бериб, Тошканд ва Шоҳрухияни олғон маҳалда, ушбу Сўх била Ҳушёр кўҳпоялариға келиб, бир йилға ёвуқ танқислиқ била ўткариб, Кобул азимати қилдим".

Форсий тилдаги иккинчи «Бобурнома» дейишимиз мумкин бўлган «Тарихи Рашидий» асарида ҳам Бобур Мирзонинг сиёсий шароитни ўрганиш учун Сўх ва Ҳушёрда бир йил азоб-машаққатда кечирган кунлари бир ҳадис далолати билан шундай берилган: «Подшоҳ Фарғона жанубидаги тоғларга кетди ва кўплаб қийинчиликлар, машаққатларни бошдан кечирди. Подшоҳнинг онаси ҳам ҳамроҳ эди. Подшоҳ мулозимларининг кўпчилиги аҳли аёллари билан кўчмоқда эди. Мўминларнинг имоми, яхшиларнинг яхшиси, мусулмонларнинг амири Ҳазрат Али (Аллоҳ унинг юзини иймон нури билан ёритсин) бундай деган экан: «Ҳазрат Пайғамбаримизнинг сўзларига кўра: «Сафар – дўзахнинг бир парчасидир». Маккор фалакнинг зулмкорлигига кўра, ҳар бир азиз ва гавҳар каби пок кишилар учун тайёрлаган жафокорлиги ва душманлиги, хорликка солишлари қанча бўлса, уларнинг ҳаммаси ана шу сафарда Бобур Подшоҳнинг ва унинг сафдошлари бошларига ёғилди».

Ушбу воқеалар Хуршид Давроннинг “Самарқанд хаёли” асарида қуйидагича изоҳланади: “Бобур Мирзо Сўх томонларда бир йилча саргардон умр кечириб, сўнг бир ҳовуч йигитлари билан тоғ ошиб, дарё кечиб Кобил томонларга бош олиб кетди. У манзилни мўлжаллаб бораркан, на уйқусида, на ўнгида ҳаловат топарди. Кеча-ю кундуз йўл босиб, от устида тебранганча Мир Алишер Навоийнинг бир байтини оғзидан қўймай, қайта-қайта такрорларди:

Мақсуд топилса яхши, йўқса нетайин,

Бошимни олиб қай сори эмди кетайин?.. “Мақсуд топилса яхши, – деб пичирларди унинг толиқишдан оқарган лаблари, – мақсуд топилса яхши…” Алам билан айтилаётган бу сўзлар унинг ичида кучли қийноқ жо эканидан дарак берарди. Дилини ўртаётган фожиага – ватандан “бош олиб кетмоққа” Бобур Мирзо руҳан тайёр эди”.

Пиримқул Қодировнинг “Тилидан айрилган халқ маънавий Ватанидан жудо бўлади” номли мақоласида эса Сўх ва Ҳушёрда Бобурнинг қувғинда икки йил юрганлиги алоҳида таъкидланади. «Бобурнома»да номлари зикр этилган, Бобурга яхшилик қилган сўхлик одамлар кейинчалик Бобурни йўқлаб Ҳиндистонга борганлиги, ундан катта эъзоз кўрганликлари тарихий факт сифатида қайд этилади ҳамда катта эҳтимол билан уларнинг авлодлари ҳамон тириклигига урғу берилади. Ушбу маълумотлар “Бобурнома”да қуйидагича изоҳланади: “…Шанба куни ойнинг олтисида тўй бўлди. Қизилбош ва ўзбак ва ҳиндуларнинг элчилари бу тўйда бор эрдилар… Яна Андижондин ва бевилоят ва беватан юрган ерларимиз ва Сўх ва Ҳушёрдин келганларга чакманлар ва қумош хилъатлар ва олтундин ва кумушдин, рахтдин, жинсдин инъомлар бўлди. Қурбон била Шайхнинг навкарларига ва Коҳмард раоёсиға ҳам ушбу дастур била иноятлар бўлди”.

“Бобурнома”да тилга олинган Сўх ва Ҳушёр қишлоғи аҳлининг айнан Мирзо Бобурнинг Фарғонадан олис Ҳиндистонда 1528 йили берган зиёфатида иштирок этиб, қимматбаҳо совға-саломлар олишларидан Бобурнинг Сўх ва Ҳушёрда ўтказган пайтларида маҳаллий аҳоли томонидан ўз вақтида катта ҳурмат ва иззат кўрганликларини хулоса қилиш мумкин.

Адиб Пиримқул Қодиров тарихчилар олдига Бобур ва Сўх билан алоқадор муҳим бир масалани ўрганиш долзарблигини қўяди: “Бобурнинг Сўх, ва Ҳушёрдан Хуросонга қувғин бўлиши ҳақида «Тилла бешик» деган машҳур ривоят ҳам яратилган. Унинг бешикда қолган ўғли кейинчалик эл эъзозлайдиган одам бўлиб етишган, вафот этгач, Қўқон яқинида махсус мақбарага дафн этилган, деган ҳикоятлар бор. Бу ривоят ва ҳикоятлар ҳаёт ҳақиқатига қанчалик тўғри келишини тарихчиларимиз аниқласалар яхши бўларди”.

Бобурнинг 4 ўғил фарзанд кўрганлиги маълум: Ҳумоюн Мирзо, Комрон Мирзо, Аскарий Мирзо, Ҳиндол Мирзо. Бироқ афсоналарда унинг яна бир ўғли бўлгани айтилади. Олтин бешикка солиб ташлаб кетилган чақалоқни минг уруғи оқсоқоли топиб олиб, вояга етказади. Ушбу “Олтин Бешик” афсонаси Қўқон хонлиги тахтини минг уруғи вакиллари эгаллаши учун асос бўлган. “Олтин бешик” – Қўқон хонлигини идора этган минг сулоласининг келиб чиқиши ҳақидаги ривоятга кўра, 1512 й. Бобур Самарқанддан Фарғона орқали Ҳиндистонга қочади, йўлда Бобурнинг хотинларидан бири – Саидофоқ ўғил туғади. Қочоқлар гўдакни қаровсиз ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Уни қимматбаҳо зийнат буюмлари қўйилган бешикка ётқизиб, содиқ хизматкорлардан бирига қолдирадилар. У Бобурга гўдакнинг тақдири ҳақида хабар бериши керак бўлган. Бу вақтда мазкур жойда ўзбекларнинг қирқ, қипчоқ, қирғиз ва минг уруғларининг овуллари бор эди. Ушбу уруғ вакиллари болани топиб, унга Олтин Бешик деб ном қўйганлар. Бола минг уруғи овулига жойлаштирилган. Олтин Бешик вояга етганда халқ унга ҳар бир уруғдан (қирқ, қипчоқ, қирғиз ва минг) биттадан қизга уйланишга имкон беради. Минг уруғидан бўлган катта хотин унга ёлғиз ўғил туғиб беради. Унга Тангриёр деб ном қўядилар, бошқача қилиб Худоёр ёки элоқ Султон деб атай бошлайдилар. Бобур асарларида Олтин Бешик ҳақида ҳеч нарса демаган, замондошлари ҳам уни тилга олмайдилар. Шу боис бу ривоятни Қўқон хонлари ўз шажараларини Бобур билан боғлаш ва ўз ҳокимиятларини барқарор этиш мақсадида тўқишган, деб ҳисоблаш мумкин.

Ривоятларга кўра, Олтин Бешик 1545 й. вафот этган. Унинг ўғли Тангриёр кейинчалик Фарғонанинг ҳукмдори бўлади, лекин хон эмас, балки бий деб аталади. Бу ном унинг авлодларидан то Олимхонгача берилган. Қўқон хонлигининг сўнгги ҳукмфармоси Сайид Муҳаммад Худоёрхон Шералихон ўғлининг насаби султон Бобур ва хотини Сайидофоқ бегимдан туғилган Олтин Бешикхондан бошланганлиги айтилади. Бу насаб Султон Бобурнинг ота-боболари орқали буюк Соҳибқирон Амир Темур Кўрагонга бориб уланади. Ўтмишдаги кўпгина муаррихларнинг китобларида бу хусусда анчагина маълумотлар мавжуд. Масалан, Ниёзмуҳаммад ибн Авазмуҳаммаднинг «Тарихи Шоҳрухия», Мирзо Олим Мушрифнинг «Ансобу-с-салотин ва тавориху-л-хавоқин» («Султонларнинг насаблари ва хоқонларнинг тарихи»), Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг «Тарихи жадидаи Тошканд» («Тошкентнинг янги тарихи»), Фозилбек Отабек ўғлининг «Мукаммали тарихи Фарғона», Муҳаммад Аминбек Худоёрхон ўғлининг «Фарғона музофоти хонлари хусусидаги воқеотлар», рус тарихчиси Владимир Наливкиннинг «Краткая история Кокандского ханства» («Қўқон хонлигининг қисқача тарихи») асарлари шу жумлага киради.

Юқорида номлари зикр этилган муаррихлардан анча илгари яшаб ўтган баъзи нуфузли муаллифлар ҳам бу фикрни таъкидлаганлар. Масалан, Амир Умархон ўз девони дебочасида: «Бу ошуфта тасвидот роқими ва бу паришон абёт нозими андоқ баёни ҳол ва шарҳи мофилбол қилурким, вужудим гулбуни Темур Кўрагон гулистонини шажарасини самарасидур, асолат бўстонида иззат баҳорининг обу ҳавоси тарбияти бирла бош чекиб, нашъу намо пайдо қилди ва хилқатим ниҳоликим, Бобур Султон чаманининг навбодасидир» дея бу ҳақиқатни тарих учун нақшлаб қолдирган бўлса, Хоннинг тоғаси Раҳмонқули оталиқнинг қизи ва завжаи муҳтарамаси Нодирабегим ҳам ўз ғазалларида бу фикрни такрорлаганини кўрамиз. Чунончи бир ғазалида у:

Саёдат хонадони шоҳ Бобур насли покиман,

Худоё, раҳмат айла жумла авлоди изомимни,– байтини битиб, ўз устози фикрларини давом эттирганлиги маълум.  

Айни вақтда бу фикрларни рад этиб, «Олтин бешик» воқеасини ривоят деб ҳисобловчи тадқиқотчилар ҳам оз эмас. «Олтин бешик»ни ривоят эмас, балки ҳақиқат, деб билувчилар ҳам бор. Хуллас, биз сўз юритган Мирзо Бобур ҳаёти ҳам шундай афсоналарга бой бўлиб, қадимий битикларимизда айтилганидек: “Бул ҳикоят агарчи афсона тусида эрса-да, ул ҳақиқатдан йироқ эмасдур”.

Ҳикматулло Дўстматов,  

Фарғона давлат университети доценти, филология фанлари доктори.

ЎзА