Қарши шаҳрида тадбиркор ва фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Баҳодир Юсупалиев иштирок этди.
Учрашув давомида санитария-эпидемиологик талаблар, тадбиркорлик фаолиятида учраётган муаммолар, шунингдек, аҳолини қизиқтираётган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита мутахассислардан жавоб олиш, таклиф ва мурожаатларини очиқ тарзда билдириш имкониятига эга бўлди.
Учрашув тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, амалдаги санитария қоидаларига оид тушунчаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Тадбир давомида тадбиркор ва фуқаролар томонидан қилинган 20 га яқин мурожаат қабул қилинди ва ижроси бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. 4 та мурожаат жойида ҳал этилди.
– Тиббиёт академияси битирувчи курс талабасиман ва бугунги мулоқот давомида ўзимнинг стартап лойиҳам билан иштирок этдим, – дейди Чарос Ҳасанова. – Лойиҳада аёллар соғломлаштириш комплекс экобоғ барпо этиш кўзда тутилган. Уни амалга ошириш бўйича бир нечта саволларим бор эди ва учрашув давомида уларга жавоб олдим. Бу боғ тоғли ҳудудларда эмас, балки вилоятнинг чўл минтақаларида инсон қўли билан яратилади. У ерда ўзига хос эко муҳит ва тиббий хизматлар йўлга қўйилади. Нархлари ҳам ҳамёнбоп бўлади. Шунда оддий қишлоқ аёллари ҳам у ерда бемалол дам олиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллиард сўмни ташкил этади ва ишлар босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.
[gallery-27762]
Тадбир доирасида бир гуруҳ фаол ёшлар билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам ташкил этилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси ҳамда унинг туманлардаги қуйи тизимларида фаолият юритаётган ташаббускор, ёш ходимлардан 17 нафарига 5 миллионлик ваучерлар сертификати тантанали топширилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари