Молдова Президенти Майя Санду республикада давлат тили румин тили бўлиши тўғрисидаги қонунни имзолади.
“Бугун мен тарихий ва рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат: румин тили Молдованинг давлат тили эканини тасдиқловчи қонунни имзоладим”, — деб ёзди Санду ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, энди молдованлар Евроиттифоқнинг расмий тилларидан бирида сўзлашади. У румин тили “жамиятни жипслаштириш учун зарур восита бўлишига” ишонч билдирди.
“Кимлардир ўн йиллар мобайнида биз Молдова фуқароларимиз, румин тилида эмас, молдован тилида гаплашамиз, деб уқтириб келди. Уларнинг мақсади битта эди, у ҳам бўлса, бизни бўлиб юбориш, чунки миллат бўлиб юборилса, уни бошқариш, тобеъ қилиш осон бўлади”, — дея таъкидлади Санду.
Молдова парламенти ўтган пайшанбада 58 та депутат берган овоз билан давлат тили молдован тилидан румин тилига ўтказилганини маъқуллади. Ушбу қонунга биноан, энди қаерда “молдова тили” деган атама келса, у “румин тили”га алмаштирилади.
Бундан ташқари, ушбу тузатиш ҳатто мамлакат конституциясига киритиладиган бўлди, дейилмоқда хабарда.