ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Азамат Ҳотамовнинг “Чизиқдан шаклгача” номли шахсий кўргазмаси доирасида санъатшунос Нормурод Негматовнинг “Устозга бағишланган бешта концептуал китоб тақдимоти” ўтказилди.
Азамат Ҳотамов 1952 йил 14 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида туғилган. Болалигидан санъатга қизиқиб, кейинчалик И.Репин номидаги Ленинград рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик институтида таҳсил олган. 1981 йили институтни тамомлаб, Ўзбекистонга қайтади. Сўнг ижодий фаолиятини давом эттириб, гипс, шамот ва бронзадан ҳайкаллар яратади. Асарлари Ўзбекистон давлат санъат музейида, Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий кўргазмалар дирекциясида, Шарқ музейида, Третьяков галереясида ва дунё бўйлаб хусусий тўпламларда сақланмоқда. Ҳозирда ижодкор Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳайкалтарошлик кафедрасида талабаларга сабоқ беради. Санъат ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун у Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш ва олтин медали билан тақдирланган.
[gallery-22299]
А. Ҳотамов санъатининг марказий мавзуларидан бири – аёл образи. Унинг асарларида аёл сиймоси нафис ва пластик чизгилар орқали тасвирланиб, меҳр-муҳаббат ва ҳурмат туйғуларини ифодалайди. Ҳар бир ҳайкалтарошлик асарида ўзига хос бир тилсимот яширинган, кўринмас, аммо сезиларли, худди нозик мусиқий оҳанг сингари.
Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ўтказилган китоблар тақдимоти ғоят қизиқарли ўтди.
Илк тўплам уч китобдан иборат бўлиб, “Чизиқдан шаклгача” деб номланади. Ҳар бир китоб алоҳида ғоя асосига қурилган. Биринчи китоб А. Ҳотамовнинг асарларига композицияларни қандай қурилишини чуқур таҳлил қилади. Иккинчи китобда ижодкор ишларида портрет образининг ўзига хослиги ўрганилади. Учинчи китоб академикнинг ню жанридаги асарларига бағишланган.
Яна бир тўплам “Тимсол” деб номланган. Унда Азамат Ҳотамов ва самарқандлик ёш рассом Озод Негматов билан бўлган ижодий суҳбат жараёни фотоинтервью сифатида ёзиб, нашр эттирилган.
Тақдимотда сўз олган таниқли рассомлар Леким Иброҳимов, Алишер Мирзаев, Баҳодир Жалолов ва санъатшунос Камола Оқилова Азамат Ҳотамов ижодига оид ўз фикр ва қарашларини баён этди.
Ижодий учрашувга ташриф буюрганлар Азамат Ҳотамовнинг ижодий йўли, санъатга бўлган қарашлари ва ҳайкалтарошлик асарларини яратиш жараёни билан танишиб, “Ўзмиллийбанк” АЖ Тасвирий санъат галереяси тўпламидаги ҳамда муаллиф томонидан тақдим қилинган асарлардан ташкил топган кўргазмадан баҳраманд бўлди.
Камола ЮСУПОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА