Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санатория очган тадбиркор
23:13 / 2024-01-29

Ўзбекистонда аҳолининг 17 миллиондан зиёд қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Тадбиркорликда аёлларнинг улуши эса кичик бизнес вакиллари умумий сонининг 25 фоизига тенг. Ушбу йўналиш олдида турган устувор вазифалардан бири тадбиркорлик субъектлари ўртасида хотин-қизлар улушини 40 фоизга етказишдир. Бунинг учун барча шароитлар яратилган. Бунга “Жамшид” хусусий фирмаси соғломлаштириш санаторияси раҳбари, O’zLiDeP Сирдарё туман Кенгаши фаоли, тадбиркор Зуҳра Субҳанованинг фаолиятини мисол қилиб келтириш мумкин.

Санатория 1974 йили ташкил топиб, 1996 йилда давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусий фирмага берилган. 2001 йилдан бошлаб “Жамшид” хусусий фирмаси соғломлаштириш санаторияси  ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозир санаторияда умуртқа поғонаси чурралари, отехондрозлар, бўғимлар, артирозлар, артритлар ва синовитлар, неврологик, асаб толиқиши, инсультдан кейинги ҳолатлар, радикулитлар, ошқозон - ичак, сурункали гастрит, 12 бармоқли ичак яра ва сурункали холиститлар, гинекологик касалликлар даволанади. Шунингдек, массаж, ҳар хил даволовчи токлар, минерал сувли душ ва ванна, парафин, шифобахш балчиқ, сандал, кедрли бочка (мини сауна), хижома, зулук, хитойча игна санчиш муоалажалари йўлга қўйилган.

– 2001 йили ишламай ётган санатория биноси ким ошди савдосига қўйилганини кўриб, “Жамшид” хусусий фирмасига шартнома асосида 3 йил давомида тўлаб бериш шарти билан сотиб олдик. Бошида 2 та хонани таъмирлаб, иш бошладик. Ўзим ва 1 нафар ҳамшира билан беморларни қабул қилардик. Кейинчалик юқори қаватларини ҳам ишга тушириб, бино хоналарини юмшоқ ва қаттиқ мебеллар ҳамда турли жиҳозлар билан тўлдирдик. Ҳозирги кунда 25 нафар ишчи ўрни яратилган, – дейди “Жамшид” санаторияси  раҳбари Зуҳра Субҳанова.

Санаторияда O’zLiDePнинг бошланғич партия ташкилоти ташкил этилган бўлиб, унда аъзолари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, лойиҳалар ва тарғибот тадбирлари ўтказилиб турилади. Ўтган 2023 йил давомида 2048 нафар бемор даволаниб, шифо топган. Жумладан, 1-гуруҳ ногирони, ёлғиз кексалар ва болаликдан ногиронлиги бўлган 20 нафарга яқин бемор бепул даволанган.  

Санаторияга нафақат республикамиз, балки қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон  Республикалари фуқаролари ҳам келиб дам олиб, даволанишади. Бу ерда беморларга бўлган муомала маданияти, самимий эътибор, ходимларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши юқори даражада ташкил этилган.  

Тадбиркор келажакда шифо маскани фаолиятини янада ривожлантириб, жаҳон стандартларига жавоб берадиган сўлим  бир масканга айлантиришни ва яна янги иш ўринлари яратишни ўз олдига мақсад қилган.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири