Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санъаткорлар энергетика тизими ёшлари билан ижодий мулоқот ўтказди
18:33 / 2025-06-30

Тошкент иссиқлик электр станциясида энергетика тизимида меҳнат қилаётган ёш мутахассислар учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда таниқли санъаткорлар Самандар Ҳамроқулов ва Маъмур Холмедов иштирок этиб, ёшлар билан ижодий мулоқот ўтказди. Улар ўз ижодий фаолиятлари, касбий йўли ва шахсий тажрибалари билан ўртоқлашди. Шу билан бирга, меҳнатда, ҳаётда ва ижодда сабр, меҳнатсеварлик ва масъулият ҳисси орқали муваффақиятга эришиш мумкинлигини таъкидлади. 

– Энергетиклик касби ҳам шарафли, ҳам масъулиятли. Сизларнинг меҳнатингиз юртимиз равнақи, тараққиёти ва ҳар бир хонадоннинг ёруғлиги билан бевосита боғлиқ. Сизлар ҳар куни жамиятга керакли нур ва энергия бағишлайсизлар. Шу боис, бизнинг ижодимиз сизнинг меҳнатингиз олдида бош эгади. Ижодкорлар ва энергетиклар икки турли соҳа вакиллари бўлсак-да, ҳар икковимиз ҳам инсон қалбига илҳом, қувват ва умид олиб кирамиз, –дея таъкидлади С.Ҳамроқулов. 

Мулоқот самимий ва дўстона руҳда ўтди. Мазкур тадбирнинг асосий мақсади энергетика соҳасида меҳнат қилаётган ёшларнинг маънавий оламини бойитиш, уларда санъат ва ижодга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилди. 

Ташкилотчилар таъкидлаганидек, бундай маданий-маърифий тадбирлар тизимдаги ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг илҳомини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Келгусида ҳам ушбу йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш режалаштирилган. 

Тадбир давомида меҳмонлар томонидан ижодий чиқишлар тақдим этилди. Шундан сўнг ёш мутахассислар санъаткорлар билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА