French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санъатга ошно авлод
10:47 / 2026-01-22

Нукус шаҳридаги 22-болалар мусиқа ва санъат мактаби бугун нафақат шаҳар, балки республика ҳамда халқаро миқёсда эътироф этилаётган ижод масканига айланган. Мактаб тарбияланувчилари жорий йилни ҳам йирик ютуқлар билан бошлаб, Тошкентда ўтказилган халқаро фестивалда ғолибликни қўлга киритди.

Айни кунда мазкур таълим даргоҳида 11 та йўналиш бўйича 465 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Халқ чолғулари, фортепьяно, торли, дамли ва зарбли чолғулар, эстрада ва академик хонандалик, тасвирий ва амалий санъат, хореография, театр санъати ҳамда бахшичилик (жиров) санъати йўналишлари ёш истеъдодларнинг иқтидорини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

[gallery-27225]

Мактабда 50 нафардан зиёд малакали педагог-ўқитувчи фаолият олиб бориб, мусиқа ва санъат сирларини ўқувчиларга замонавий усуллар асосида ўргатиб келмоқда. Машғулотларда ўғил-қизларнинг ижодий қобилиятини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мактаб тарбияланувчилари Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон ва халқаро даражада ўтказилаётган турли фестиваль ва танловларда мунтазам қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, 2024 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган “OPEN ASIA–2024” халқаро фестивалида “Айқулақ” ансамбли 1-ўринни қўлга киритди. 2025 йилнинг апрелида “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”да Ниятбой Зиёдбоев 3-ўринга сазовор бўлди. Шу йил май ойида ўтказилган “Ижод баҳори” республика танловида Айгерим Алмуратова ва Гўзал Сиржиддинова 1-ўринни, Дилноза Одилова ва Умида Эшмуратова 2-ўринни эгаллади. Ноябрь ойидаги “Оҳанглар жилоси” республика танловида эса Гулсанам Аяпбергенова 1-, Моҳира Алимбоева 2-, Муниса Байлепесова 3-ўринга сазовор бўлди.  

2026 йилнинг 8-10 январь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “New Start Tashkent” халқаро фестивали мактаб учун янги ютуқлар йилининг муносиб бошланиши бўлди. Бахшичилик йўналиши бўйича Гулойим Бахитбоева ва Улзода Сарсенбаева 1-ўринни, Дурдона Узоқбоева ва Нилуфар Мамутова 2-ўринни эгаллаб, таълим масканининг нуфузини янада оширди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ETlbdWSGsJU?si=tpojujauBo-1sPeB" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат+видео),ЎзА